Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда дастлаб “Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур лойиҳа бўйича Адлия вазири ўринбосари Шерзод Раббиев батафсил маълумот берди:
— Мамлакатимизда суд-экспертлик соҳасини янада такомиллаштириш, ушбу соҳадаги муаммолар бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда мамлакатда суд экспертизаси назарияси ва амалиётини ривожлантириш, суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда, — деди вазир ўринбосари. — Бугун амалдаги қонун соҳага оид бир қатор талабларни такомиллаштиришни тақозо этади. Шу мақсадда ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан нодавлат суд экспертларининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда. Илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот)ларнинг ўз фаолият йўналиши бўйича суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишига рухсат бериш назарда тутиляпти.

Суд экспертизаси тадқиқотларини ўтказишда илғор хорижий тажрибадан кенг фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида суд экспертизасини тайинловчи органга (шахсга) ўз ташаббуси билан ёки давлат суд-экспертиза муассасаси раҳбарининг илтимосномасига асосан суд экспертизаси соҳасидаги хорижий давлат мутахассисларини суд эксперти сифатида жалб этиш ҳуқуқи берилмоқда.
Суд-экспертлик фаолиятининг янада ишончлилигини ошириш мақсадида аккредитация ва валидация институтлари жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, адвокатнинг сўрови ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ шартнома асосида давлат ва нодавлат суд экспертлари томонидан тадқиқотлар ўтказиш ва экспертлик фикрини бериш тартиблари назарда тутилмоқда.
Бугунги кунда 9 та суд экспертлари муассасалари мавжуд. Аммо суд экспертларининг сони, ҳуқуқий норматив ҳужжатларда уларнинг аниқ реестри мавжуд эмас. Шу боис суд экспертлари реестрини юритиш жорий қилинмоқда. Суд экспертларининг фаолияти бўйича касб этикалари ва қоидалари, экспертизани ўтказишга оид чекловлар ҳам белгилаб қўйилмоқда.
Нодавлат суд экспертларини бирлаштирувчи, уларга яқиндан ёрдам берувчи Суд экспертлари палатасини ташкил этиш ҳамда унинг вазифалари белгиланяпти. Мазкур палатага аъзолик ихтиёрий бўлади.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда бир қатор хорижий мамлакатларда суд-экспертлик фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳужжатлар ўрганиб чиқилди ва лойиҳани ишлаб чиқишда инобатга олинди.
Қонун лойиҳасидаги нормалар суд экспертлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, экспертиза хулосаларининг ишончлилигини янада оширишга хизмат қилади, — деди маърузачи.
Мажлисда депутатлар лойиҳани такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди. Кўтарилган бир қатор саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА