Абдуқодир Ҳусанов сафга қайтиш арафасида
“Манчестер Сити” таркибида “Арсенал”га қарши ўтказилган баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов жароҳат олган эди.
Натижада 21 ёшли футболчимиз терма жамоа ҳамда клуб таркибидаги бир қатор учрашувларни ўтказиб юборди. Қувонарлиси, шу кунларда Абдуқодир Ҳусанов жароҳатдан тўлиқ тикланиб, жамоавий машғулотларни бошлагани маълум қилинмоқда.
Бу янгилик, аввало, “Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиолани хурсанд қилди, десак муболаға бўлмайди. Чунки ноябрь ойидаги халқаро танаффус олдидан ички ва халқаро мусобақаларда муҳим баҳслар кутилмоқда. Ҳимоя чизиғида Ҳусановнинг қайтиши жамоага катта куч бағишлайди.
Маълумотларга кўра, “Манчестер Сити” 29 октябрь куни Англия Лига кубоги 4-раундида “Суонси Сити”га қарши баҳс ўтказади. Мазкур учрашувда Абдуқодир Ҳусановнинг майдонга тушиши кутилмоқда. Агар футболчимиз ушбу баҳсда спорт формасини тиклаб олса, катта эҳтимол билан “шаҳарликлар” сафида ноябрь ойида Премьер-лига доирасида “Борнмут” (2 ноябрь) ва Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 4-турида “Боруссия Дортмунд” (5 ноябрь)га қарши “Этихад” аренада бўладиган муҳим ўйинларда асосий таркибдан ўрин олиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумда Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер-лигасида 4 та, Европа Чемпионлар лигасида эса 1 та учрашувда иштирок этган ва барча баҳсларни асосий таркибда бошлаган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА