Кимда ким ҳаёт мўъжизаларига шубҳа қилса, Жанубий Қирғизистондаги Мадиген геопаркига борсин.
Дунё олимлари, буюк геолог, физик, археологлари бу ерда бир неча ўн йиллар илмий тадқиқот олиб бордилар. Улар ҳозир ҳам бу мўъжизавий ҳудудда изланишларини давом эттиришмоқда. Дастлабки хулосалар эса шундай:

– Олимларнинг таъкидлашича, Мадиген геопаркидаги ҳудуд 560 миллион йил аввал пайдо бўлган. У ер юзасидаги улкан океан сатҳи пасайиши оқибатида асрлар давомида катта сув узилган ҳавзага, сўнгра Орол каби суви қуригач, ноёб қатламларга эга тоғ ва жарликларга айланган, – дейди Мадиген геопарки масъул қўриқчиси Насриддин Орозиев.

Мадиген Тян-Шан тоғ тизмасига туташ бўлиб, ер сайёраси эволюциясини ўрганиш ва қайта тиклаш учун яратилган табиий лабораториядир. Унда ярим чўллардан тортиб музликларгача бўлган турли ландшафтлар, эталон бўлган геологик кесимлар, замонавий геологик жараёнлар, ноёб геотурфа элементлари, минералогия ва палеонтология намуналари мавжуд.

Мадиген илм, инсоният тарихи, ернинг тузилишини ўрганишдаги аҳамияти ҳисобга олиниб, ЮНЕСКО муҳофазасидаги объектлар рўйхатига киритилган.

Геопарк ҳудудида жаҳон аҳамиятига эга ноёб геологик ва маданий мерос объектлари жойлашган. Табиат бу ерда жуда гўзал, фотогеник ландшафтлар ва геологик феноменлар яратган. Турли рангли тош қатламларида дунёда ягона ҳисобланган флора ва фауна қолдиқлари топилган.

Геопарк – бу маҳаллий аҳоли иштирокида барқарор экотуризмни ривожлантириш ҳудудидир. У ерда Ернинг геологик тарихи яққол намоён бўлади, этнография ва маданий мерос эса асосий ўринни эгаллайди.

Геопаркнинг туристик салоҳияти жуда катта. Конӣ-Гут ғорини ўрганиш ва Тенге-Сай дарасида қатламлар билан шуғулланиш мумкин.

– Мадиген 8160 гектар майдонни қамраб олган. Бу ерда яна бир мўъжизани кўрасиз. У – ноёб ер ости ғори. Ўнлаб киломертга чўзилган ўргимчак тўридек ҳар томонга тарқалган ғордан илгари кўмир қазиб олганлар, деган тахмин қиладилар олимлар, – дейди экопарк қўриқчиси. – Сўнгги икки минг йилликда “Буюк ипак йўли” орқали бу ерда бўлган хитой, араб ва кейинроқ қорахонийлар ҳам Кони-Гут ғорларида бўлишган.

Мадиген табиат ва маҳаллий маданиятни аслий кўринишда сақлаб қолган ҳудуддир. Ҳатто унинг атрофидаги қишлоқларда маҳаллий аёллар ҳали ҳам қўлда машҳур гиламларни тўқишади, ҳунармандлар эса ўрик дарахтидан қомус ясашади.
Мадиген свитаси 560 метр қалинликдаги асосан кремний қумоқ тош қатламларидан иборат. Бу ер 20 000 дан ортиқ қотиб қолган ҳашаротлар топилган жой сифатида маълум. Шунинг учун ҳам у дунёдаги энг бой триас даври манбаларидан бири ҳисобланади.
– Бу ерга Европанинг Германия, Австрия, Голландия каби кўплаб давлатларидан олим ва мутахассислар келиши тўхтамаяпти. Яқинда, октябр ойи бошида эса Америкада Мадиген геопаркининг тақдимоти бўлиб ўтди, – дейди Насриддин Орозиев.
Мадиген геопарки ҳали олимлар учун “очилмаган қўриқ”. Уни ҳатто бир бор кўришнинг ўзи инсонни узоқ тарих мўъжизалари билан ёлғиз қолдиради. Эволюцияни англаш эса руҳий таъсир кўрсатади. Балки Мадигенга сиз ҳам борарсиз?
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xjbw1QKtxvY" title="Madigen mojizalari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат),
ЎзА