Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳар бир соҳада янгича ёндашув ва миллий тажрибага асосланган ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 20 октябрь куни аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Булар Президентнинг “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги фармон ва “Фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини рақамлаштириш ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари саналади.
Бу ҳужжатлар соҳани илмий-техник ёндашув асосида замонавий тизимга айлантириш, хавфсизлик маданиятини жамиятда шакллантириш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича миллий тажрибани яратишни мақсад қилади.

Янги фармонда ҳам илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда соҳани янги босқичга кўтариш учун олти устувор йўналиш белгилаб берилди. Аввало, профилактика ишлари энди илмий асосда, 9008 та маҳалла ва 7,5 миллион хонадон даражасида амалга оширилади. Бу “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ёндашувни жорий этиш орқали ҳар бир ҳудуднинг аниқ эҳтиёжини ҳисобга олиш имконини беради.
Шунингдек, фуқаро муҳофазаси, ёнғин хавфсизлиги ва давлат назорати тизимлари трансформация қилинади. Яъни, уларнинг талаб ва механизмлари замон талабига мос равишда қайта ишланади. Қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига хавфларни бартараф этиш бўйича янги стандартлар, замонавий технологиялар жорий этилади.
Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича 5 мингдан ортиқ энергетика, ишлаб чиқариш ва ҳаёт фаолияти учун муҳим объектларда янги методикалар ишлаб чиқилади. Бу ишларда рақамли ечимлар, сунъий интеллект ва робототехника технологиялари фаол татбиқ этилади. Шу билан бирга, соҳада дуал таълим асосида малакали кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади ва илмий-инновацион ҳамда синов-тадқиқот кластери яратилади.
Президент фармони билан соҳани ислоҳ қилиш учун махсус концепция ва 2025–2026 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.
2026 йил 1 январдан бошлаб, маҳаллий ҳокимият органларининг фавқулодда вазиятлар бўйича ҳисобдорлик тизими ҳам йўлга қўйилади.
Эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимлари йилига икки марта ўз ҳудудларидаги ҳолат бўйича тегишли Кенгашларга ҳисобот берадилар. Шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар чоракда маҳаллий Кенгаш олдида ҳисобот бериб, профилактика ишларининг самарадорлиги юзасидан жавобгарликни зиммасига олади.
Янги ташкилий чоралар: маҳалла муҳофазаланган ҳудудга айланади
Президентнинг “Фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида эса маҳаллаларда профилактик ишларни ташкил этишнинг янги тизими аниқ белгилаб берилди.
Эндиликда “профилактика–муҳофаза” тамойили асосида “Маҳалламизни фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланган ҳудудга айлантирамиз” шиори остида кенг кўламли ишлар амалга оширилади. Ҳар бир маҳаллада хавф даражалари илмий-техник ёндашув орқали аниқланади. Шу асосда ҳар бир ҳудуд “қизил”, “сариқ” ёки “яшил” тоифага ажратилади.

Хавфи юқори бўлган маҳаллалар мунтазам “хонадонбай” ўрганилади ва улар учун махсус “йўл хариталари” ишлаб чиқилади. Бу жараён 9008 та маҳалла, 208 туман ва шаҳар ҳамда 14 ҳудудни қамраб олади. “Қизил” ва “сариқ” даражадаги маҳаллаларда эса комплекс профилактика тадбирлари биринчи навбатда амалга оширилади.
Шу билан бирга, ҳар бир маҳаллада “маҳалла муҳофазаси” хизмати ташкил этилади. Бу инспекторлар хавфсизликни назорат қилади, аҳоли билан ҳамкорликда тушунтириш ишларини олиб боради.
2026 йилдан бошлаб Тошкент вилоятида “Маҳалла муҳофазаси” лойиҳаси синов тариқасида йўлга қўйилади. Бу лойиҳа доирасида аҳоли хонадонларида ёнғин, ис гази ёки электр хавфига олиб келувчи омилларни бартараф этиш бўйича техник-профилактик чоралар амалга оширилади.
Шартнома асосида уй-жой фондларида шамоллатиш каналлари ва дудбуронлар ҳолати текширилади, электр ва газ жиҳозларига хизмат кўрсатилади. Ёнғинга қарши воситалар назорат қилинади. Бу ишлар орқали аҳолининг ҳаёт фаолияти хавфсизлиги таъминланади.
Лойиҳа доирасида аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишлари ҳам олиб борилади. Хавфсизлик бўйича буклетлар, қўлланмалар тарқатилади, профилактик машғулотлар ўтказилади.
Таълим ва хавфсизлик маданиятини шакллантириш
Ҳужжатда таълим тизими орқали аҳолида хавфсизлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Мактабгача таълим ташкилотларида 8 мингга яқин болалар учун “Илк қадам” дастури доирасида “Хавфсиз ҳаракат кўникмалари” шакллантирилади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 11 мингдан ортиқ умумтаълим ва касбий таълим муассасалари ҳамда 500 дан зиёд олий таълим ташкилотларида “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги” мавзусида амалий машқлар ташкил этилади.
Бундан ташқари, баҳор ва қиш мавсумларидан олдин маҳаллаларда ишсизлар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар билан биргаликда ўқув-машқлар ўтказилади. 2026 йилдан бошлаб эса 50 нафардан кўп ходими бўлган барча ташкилотларда шартнома асосида ўқув-амалий ўқитишлар йўлга қўйилади.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда аҳоли фаоллигини ошириш мақсадида “Фавқулодда вазиятлар волонтёри” жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Бу гуруҳлар “Биз биргамиз!” ҳаракати доирасида ҳар бир маҳаллани хавфсиз ҳудудга айлантиришга ҳисса қўшади.
“Маҳалла – волонтёр – давлат инспектори” ҳамкорлик занжири орқали тизимли фаолият йўлга қўйилади. Шу билан бирга, фаол волонтёрларга қатор имтиёзлар берилади. Масалан, Фавқулодда вазиятлар академиясига киришда жами тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча баллар қўшилади. Шунингдек, “маҳалла еттилиги” тавсиясига асосан улар қутқарувчи лавозимига ишга қабул қилишда устуворликка эга бўлади.
Рақамлаштириш ва инновациялар янги имкониятлар эшигини очади
Президентнинг “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини рақамлаштириш ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса соҳани замонавий рақамли платформаларга олиб чиқишни мақсад қилади.
Бу йўналишда 14 та устувор лойиҳа амалга оширилади. Улар доирасида “Digital Team” номли идоралараро жамоа ташкил этилади. 2026–2027 йилларда бу жамоага 35 та вазирлик ва идора мутахассислари жалб этилади. Шу билан соҳадаги рақамли ечимларни самарали интеграция қилиш таъминланади.
Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот институти қайта ташкил этилиб, энди у “Илмий-инновацион ва синов-тадқиқот институти” сифатида фаолият юритади.
Бу институт 33 турдан ортиқ қутқарув жиҳозларини маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Шунингдек, 12 турдаги қурилиш материалларининг ёнғинга бардошлигини баҳолаш тизимини жорий этади.
Рақамлаштириш ва инновация жараёнларини мувофиқлаштиришда қатор вазирликлар масъул этиб белгиланди. Рақамли технологиялар вазирлиги – ахборот тизимларини жорий этиш, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги – илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги – инвесторларни жалб этиш, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк – молиялаштириш ишларига масъул бўлади.
Қабул қилинган фармон ва қарорлар Ўзбекистонда фавқулодда вазиятлар соҳасини янги босқичга кўтаришга қаратилган тизимли ислоҳотларни бошлаб берди. Бу ислоҳотлар нафақат давлат тизими, балки ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон, ҳар бир фуқаро даражасида хавфсизлик маданиятини шакллантиришни кўзлайди.
Яъни эндиликда хавфсизлик фақат давлатнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулиятига айланмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА шарҳловчиси