Бугунги кунда “Заковат” интеллектуал ўйинлари юртимиздаги барча касб эгалари ўртасида доимий равишда ўтказиб келинмоқда. Ушбу жараёнда ички ишлар органлари ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
“Заковат” ўйинларини ички ишлар тизими ходимлари ўртасида ўтказиш улар учун ҳам қатор фойдали жиҳатларга эга.

Шу мақсадда "Заковат арена"да ИИВ Академияси кундузги таълим курсантлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинининг финал босқичи ўтказилди.
70 дан зиёд жамоа билим, фикрлаш тезлиги ва жамоавий ҳамжиҳатликда беллашди. Бу жараёнда ҳар бир иштирокчи ўзининг ақл-идроки, эътибори ва энг муҳими интизом ва собитқадамликни намоён этди.

Кескин ва қизғин руҳда кечган финал босқичида курсантлар саволларга нафақат билим асосида, балки мантиқий таҳлил ва жамоавий маслаҳат орқали жавоб берди. Бу эса уларнинг келгусида касбий фаолиятида ҳам тезкор фикр юритиш ва тўғри қарор қабул қилиш қобилиятини шакллантиради.

Ғолиб жамоалар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 1-ўринни қўлга киритган жамоага махсус кубок топширилди.
Бундай интеллектуал тадбирлар ички ишлар тизимида билимли, маънавий етук ва ташаббускор кадрларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА