Ўзбекистон Суперлигасининг 26-тури бугун Термиз шаҳрида ўтадиган “Андижон” ва “Сурхон” клублари баҳсидан сўнг ўз якунига етади. Ушбу учрашув махаллий вақт билан соат 18:30 да бошланади.
Шу ўринда, “Сурхон” – “Андижон” жамоалари учрашувларига оид айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола этсак. Икки клуб шу кунга қадар жами 35 та ўйинда ўзаро тўқнашган бўлиб, уларда “Сурхон” 11, “Андижон” эса 18 маротаба зафар қучган. Қолган 6 та баҳсда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати 64/44 - “Андижон” фойдасига.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилги мавсумнинг биринчи даврасида “Андижон” клуби ўз уйида 2:1 ҳисобида зафар қучган.
Дарвоқе, куни кеча Суперлиганинг 26-туридан ўрин олган марказий учрашувда ОКМК ўз майдонида “Насаф” билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди.

Натижада “Насаф” Суперлигадаги пешқадамлигини “Нефтчи”га бўшатиб берди. Гарчи Фарғона шаҳрини ҳимоя қилувчи клуб ҳисобида 57 очко бўлса-да, ғалабалар эвазига биринчи поғонага кўтарилди. ОКМКнинг очколари 41 тага етди ва жадвалда 6-ўриндан жой олди.
Шунингдек, “Бунёдкор” — “Машъал” учрашуви 2:1 ҳисобида якунланди. Пойтахт клуби ушбу ғалабадан сўнг, 46 очко билан лиганинг 5-поғонасига чиқиб олди. “Машъал” эса 23 очко билан 15-ўринда қолди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА