Дзюдо бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари Баҳрайнда ёшлар ўртасида давом этаётган III Осиё ўйинларида муносиб иштирок этишга ҳозирланмоқда.
Куни кеча сафар олдидан қитъа ўйинларида қатнашадиган ўсмир дзюдочилар, уларнинг ота-оналари ва мамлакат дзюдо федерацияси ўртасида уч томонлама шартнома имзоланди.

Хўш, мазкур ҳужжат нималарни назарда тутади ва қандай омиллар асосида имзоланди?
Ўзбекистон дзюдо федерациясида Баҳрайнда ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар, терма жамоа мураббийлари ҳамда уларнинг ота-оналари билан ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди.
Мулоқот жараёнида мутасаддилар сўзга чиқиб, терма жамоамиз олдида турган муҳим мусобақанинг аҳамияти, ҳар бир спортчининг вазифаси, ижобий натижа қайд этиш учун давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитларга муносиб бўлиш масъулияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Терма жамоалар шифокори Азиз Қаюмов бугунги кунда энг долзарб бўлиб турган допинг масаласида атрофлича тушунтириш бериб ўтди. Шунингдек, шифокор дзюдочиларнинг вазн ташлаш жараёнига алоҳида эътибор қаратди. Бу бўйича керакли кўрсатмалар берилди. Ортиқча вазн сабаб халқаро мусобақаларда иштирок эта олмаган спортчилар билан боғлиқ ҳолатлар танқид остига олинди.
Мазкур уч томонлама шартнома бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик, уларнинг олдини олиш, давлатимиз томонидан ажратилаётган маблағ ва эътиборга масъулият билан ёндашиш мақсадида имзолангани таъкидланди.

Унга кўра, допинг, вазн ва тартиб-интизомга амал қилиш, машғулотларни қолдирмаслик, умуман олганда терма жамоалар, ҳар бир спортчи учун ишлаб чиқилган меъёрларга ва тегишли талабларга риоя этиш қонунийлаштирилди. Шартнома бандлари бузилган тақдирда молиявий жарима қўлланилиши назарда тутилгани эслатилди.
Эслатиб ўтамиз, Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида ўтаётган Осиё ўйинларининг дзюдо мусобақалари 29-30 октябрь кунлари ташкил этилади.
Т.Рўзиев, ЎзА