Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш инвестиция лойиҳаси доирасида Эмульсион портлатиш материаллари заводи қуриб фойдаланишга топширилди. Мазкур ишлаб чиқариш қувватининг очилиш тадбирида “Олмалиқ КМК” АЖ бошқарув раиси Абдулла Хурсанов, комбинат таркибий бўлинмалари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари иштирок этди.


Тадбирда сўз олган Абдулла Хурсанов мазкур ишлаб чиқариш қувватининг инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этишини, завод замонавий стандартлар асосида барпо этилганини таъкидлади. Тадбир давомида завод қурилишида фаол бўлган бир гуруҳ мутахассис ва қурувчилар қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди. Меҳнат фахрийлари томонидан рамзий лента қирқилиб, завод расман ўз фаолиятини бошлади.
Қалмоққир ва “Ёшлик-1” конларида тасдиқланган режа асосида портлатиш ишларини бажариш мақсадида барпо этилган янги завод замонавий стандартларга жавоб берадиган, универсал кўринишдаги, маҳаллий компонентлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқаради. Қуввати йилига 90 минг тонна эмульсион портловчи моддаларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги завод қурилишида ишлаб чиқариш жараёнларини ҳар бир босқичида халқаро ва маҳаллий хавфсизлик стандартлари қатъий бажарилиши таъминланган.


Янги барпо этилган завод экологик хавфсиз бўлиб, чиқиндиларни назорат қилиш, энергия самарадорлигини ошириш ва халқаро экологик стандартларга жавоб беради. Яна бир муҳим жиҳат заводдаги ишлаб чиқариш жараёнидан ҳосил бўлган техник сувдан самарали фойдаланиш йўлга қўйилган. Бунинг учун тозалаш иншооти ҳам барпо этилган бўлиб, ушбу иншоотда бир кеча кундузда 25 куб сув қайта ишланиб, тозаланади ва яна ишлаб чиқариш жараёнига юборилади. Авваллари ишлаб чиқариш жараёнидан сўнг чиққан сув ҳовузга ташланар эди. Мазкур технология сув ресурсларини тежашда ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш таннархини туширишда муҳим аҳамият касб этади.


Заводда яшил энергетикадан фойдаланиш мақсадида қуёш фотоэлектр станцияси барпо этилди. Ушбу станция маиший-маъмурий бинонинг электр энергиясига бўлган талабини қондиради. Эътиборлиси, заводда рақамлаштириш кенг жорий этилгани юқори хавфсизликни таъминлайди, инсон омилисиз ишлаб чиқариш амалга оширилади. Ҳар бир босқич назорати монитор орқали бажарилади. Завод қурилиши комбинатнинг ўз кучлари эвазига бажарилди. Хусусан, қурилиш ишлари комбинатнинг “Олмалиқметаллургқурилиш” трести, Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси ҳамда пудрат ташкилоти томонидан амалга оширилди. Мазкур лойиҳанинг қиймати 81 миллиард сўмни ташкил этади.

Ушбу заводнинг қурилиши натижасида 68 та янги иш ўрни яратилди. Тадбир давомида иштирокчилар завод фаолияти билан яқиндан танишишди. Маълумот учун: 1997 йил ОКМК таркибида биринчи эмульсион портлатиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводи барпо этилган. Фойдаланишга топширилган завод комбинат таркибидаги иккинчи корхона ҳисобланади.
ОКМК Ахборот хизмати