Шайбонийхоннинг беш аср аввалги савдо эмбаргоси

XVI аср бошлари. Марказий Осиёнинг кейинги тақдири ҳал бўлаётган кескин бир давр. Муҳаммад Шайбонийхон ва қозоқ хонлари ўртасидаги Сирдарё бўйидаги ҳосилдор ерлар ва муҳим савдо шаҳарлари учун кураш ўзининг энг юқори чўққисига чиққан эди. Тарих китобларида бу давр асосан тўқнашувлар ва ҳарбий юришлар орқали тасвирланади. Аммо Фазлуллоҳ ибн Рўзбехоннинг “Меҳмонномайи Бухоро” асари бизга бу курашнинг шу пайтгача эътибордан четда қолган, ўта замонавий ва стратегик аҳамиятга эга бўлган жиҳатини очиб беради: Шайбонийхон ўз рақибларига қарши нафақат қилич, балки ўткир иқтисодий қурол – тўлиқ савдо блокадасини ҳам қўллаган.

1509 йилнинг қишида Шайбонийхон қозоқ хони Бурундуқхон улусларига қарши йирик ҳарбий юриш уюштиради. Бу юриш натижасида катта ўлжа қўлга киритилгач, кўпчилик саркардалар хон шу билан кифояланади, деб ўйлаган эди. Бироқ Шайбонийхоннинг стратегик режаси анча кенг ва чуқурроқ эди. У ҳарбий ғалабани иқтисодий ғалаба билан мустаҳкамлашга қарор қилади. “Меҳмонномайи Бухоро” асарида қайд этилишича, Шайбонийхон ўз назорати остидаги барча ҳудудларда қозоқ улуслари билан ҳар қандай савдо-сотиқни қатъиян тақиқловчи махсус фармон чиқаради.

Бу фармоннинг аҳамиятини тушуниш учун ўша даврдаги иқтисодий муносабатларни тасаввур қилиш керак. Асосан чорвачилик билан шуғулланган кўчманчи қозоқ улуслари ҳаёти Мовароуннаҳрнинг ўтроқ аҳолиси билан узвий боғлиқ эди. Улар ўзларининг чорва маҳсулотларини (гўшт, тери, жун) Сирдарё бўйидаги Сиғноқ, Аркук, Ўзганд каби савдо шаҳарларида газлама, ҳунармандчилик буюмлари, қурол-яроғ ва энг муҳими – донга алмаштиришар эди. Шайбонийхон айнан шу ҳаётий муҳим иқтисодий томирни кесишга қарор қилади. Унинг фармонида “душман улусига ҳатто бир дона игна ёки бир қарич мато ҳам ўтмаслиги” қатъий белгилаб қўйилади.

Бу қарор шунчаки бир жазо чораси эмас, балки узоқни кўзлаган стратегик юриш эди. Биринчидан, бу қозоқ хонларининг иқтисодий пойдеворига жиддий зарба берар, уларни зарур маҳсулотлардан маҳрум қилар эди. Иккинчидан, бу орқали Шайбонийхон ўз рақибларининг ҳарбий салоҳиятини заифлаштиришни мақсад қилган. Чунки савдо тўхташи билан уларнинг қурол-яроғ ва бошқа ҳарбий анжомларни сотиб олиш имконияти кескин чекланарди. Учинчидан, бу қарор Мовароуннаҳрнинг иқтисодий ресурсларини тўлиқ Шайбонийхон манфаатларига бўйсундиришга, савдо йўллари устидан яккаҳоким назорат ўрнатишга хизмат қиларди.

Ибн Рўзбехоннинг гувоҳлик беришича, бу фармон ўта қаттиққўллик билан ижро этилган. Савдогарлар ва аҳоли буйруқни бузишдан қаттиқ қўрқишган ва қозоқ улуслари билан ҳар қандай алоқа бутунлай узилган. Бу ҳолат Шайбонийхоннинг нафақат жанг майдонида, балки сиёсий ва иқтисодий жабҳаларда ҳам нечоғли моҳир ва қатъиятли стратег бўлганини кўрсатади. У ўз мақсадига эришиш учун фақат ҳарбий кучга таяниб қолмай, балки ўша давр учун мутлақо янгилик бўлган иқтисодий босим усулларини ҳам моҳирлик билан қўллай олган. Бу тарихий факт ўзбек давлатчилиги тарихидаги баъзи ҳукмдорларнинг нақадар теран тафаккурга эга бўлганидан далолат беради.

Алишер Эгамбердиев, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бир парча мато ҳам сотилмасин!”: