Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг тарихи 1905 йилга бориб тақалади. Жорий йил бутун мамлакатимиз бўйлаб касаба уюшмаларининг 120 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда. Инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ғоясини илгари сурган бу ташкилот ўз долзарблигини ҳеч қачон йўқотмаган. Айниқса, сўнгги йилларда касаба уюшмалари фаолиятида янги ривожланиш босқичи бошланди.

Касаба уюшмаларининг асосий мақсади меҳнаткаш инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий адолатни таъминлашдир.
Мамлакатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувда бу ташкилотнинг жамият тараққиётидаги ўрни, эришган ютуқлари ва келгуси вазифалари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Президентимиз таъкидлаганидек, касаба уюшмаларининг кўп миллионли аъзолари меҳнати ва халқимизнинг бағрикенглиги Янги Ўзбекистонни барпо этишда беқиёс аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги йилларда касаба уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. Янгиланган Конституция, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Шунингдек, касаба уюшмалари вакилларининг Парламент ҳузуридаги Жамоатчилик эксперт кенгашларига киритилиши ходимлар манфаатини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Касаба уюшмалари жонбозлиги туфайли кейинги йилларда 500 мингга яқин ходимнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилинди, уларнинг фойдасига 267 миллиард сўм ундирилди, ноҳақ ишдан бўшатилган 13 минг ходим ишга тикланди. Бу рақамлар меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлашда касаба уюшмаларининг амалий фаоллигини яққол кўрсатади.
Шу билан бирга, Касаба уюшмалари федерациясининг халқаро майдондаги нуфузи ҳам ортиб бормоқда. Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари кенгаши ва Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотига асос солиниши, Федерациянинг Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясига аъзо бўлиши бунинг ёрқин исботидир.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя барча ислоҳотларимизнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу ғоянинг амалий ифодасини Фарғона давлат университети касаба уюшмаси фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Фарғона давлат университети касаба уюшмаси 1930 йилда Мирзо Улуғбек номли Фарғона давлат педагогика институти қошида ташкил этилган. Ўтган 95 йил мобайнида ушбу ташкилот университет жамоаси аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом ва баркамол муҳитни шакллантиришда муҳим ўрин тутмоқда.
1950-1960 йилларда уюшма аъзолари сони талабалар ҳисобига 4 минг нафардан ошиб кетган. Бу даврда ижтимоий-иқтисодий, соғломлаштириш ва меҳнат муҳофазаси йўналишларига катта эътибор қаратилган. 1960-1970 йиллар давомида 100 дан ортиқ ходим соғлиғини тиклаш ва дам олиш мақсадида санаторий ҳамда дам олиш уйларига юборилган.
1990 йиллардан бошлаб касаба уюшмаси жамоа аъзоларининг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишда фаолиятни янги босқичга кўтарди. Профессор Аҳмадали Ғофуров, доцент Дилбаржон Қурбонов, Турсун Мамуров, Тожиддин Мамурзақов, Одилжон Ҳайдаров каби раҳбарларнинг бу йўналишдаги хизматлари беқиёсдир.
Бугунги кунда ФарДУ касаба уюшмасида 11 та факультет ва бўлимларда фаолият юритаётган 2036 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи ва ишчи-ходимлар аъзо ҳисобланади.
Фақат 2024 йилнинг ўзида 300 нафардан ортиқ ходим соғломлаштириш сиҳатгоҳларига юборилган, 150 нафар фарзанд оромгоҳларда дам олган. 800 нафардан ортиқ ходим моддий ёрдам ва озиқ-овқат билан таъминланган.
2025 йил –“Атроф муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” муносабати билан университет касаба уюшмаси томонидан ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Шу йилнинг ўзида 205 нафар ходим ва уларнинг ота-оналари сиҳатгоҳларда дам олди, Ходимларнинг 200 нафар фарзанди оромгоҳларга юборилди, 105 нафар ходим учун республика бўйлаб саёҳатлар ташкил этилди.
Университет раҳбарияти ва касаба уюшмаси ҳамкорлигида нафақадаги устозлар ҳолидан хабар олиш тизимли равишда йўлга қўйилган.
Фарғона давлат университети касаба уюшмасининг 95 йиллик фаолияти Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг тараққиёт босқичидаги ютуқларини ифодаловчи ёрқин мисолдир. Бу ташкилотнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва соғломлаштириш соҳаларидаги фаолияти “Инсон қадри учун” ғоясининг амалдаги ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, касаба уюшмалари фаолияти учун барча шарт-шароитлар яратилган ва бу сиёсат изчил давом эттирилади. Университет тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, касаба уюшмалари бугун меҳнат жамоаларининг ҳуқуқий ҳимоячиси, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида Янги Ўзбекистон тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Фозилжон Отақулов,
Фарғона давлат университети касаба уюшма қўмитаси раиси.
ЎзА