Глобаллашув ва интеграция жараёни чуқурлашиб бораётган ҳозирги даврда ташқи сиёсат ва иқтисодиётни диверсификация қилиш, халқаро майдонда ўз манфаатини мувозанатли тарзда илгари суриш Ўзбекистон учун ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик юртимиз ташқи сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида намоён бўлмоқда.
Маълумки, ЕИ дунёдаги энг йирик иқтисодий ва сиёсий бирлашмалардан бири бўлиб, ўлкамиз учун инвестиция, савдо, технология трансфери ва инсон ҳуқуқини фаол илгари суриш соҳаларида муҳим шерик ҳисобланади.
Яқинда Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда EuroUz ассоциацияси ташаббуси билан Европа комиссияси ва Европа инвестиция банки кўмагида “Европада Ўзбекистон иқтисодиёти кунлари” бизнес форуми ўтказилди. Анжуманда икки томоннинг 150 нафар бизнес вакили иштирок этди.
Тадбир ташкилотчилари таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб икки баробар ошиб, 2018 йилдаги 3,2 миллиард доллардан 2024 йил 6,3 миллиард долларга етган, 2025 йил январь-август ойларида эса 4,5 миллиард долларни ташкил этиб, 9 фоиз ўсишни кўрсатган. Шунингдек, GSP+ тизимига қўшилиш натижасида ўзбек ишлаб чиқарувчилари Европа бозорига чуқур кириб бориш имконига эга бўлди. Бу экспорт ҳажми ортиши, янги қўшма корхоналар ташкил этилишига хизмат қилмоқда.
Анжуман дастуридан “Ўзбекистон – бизнес ва инвестиция учун янги жаҳон маркази”, “Евросиё ўзаро боғлиқлиги чорраҳасида Ўзбекистон”, “Барқарор сув ресурсларидан фойдаланиш ва муҳим хом ашё: минтақавий ва глобал истиқбол” каби мунозара сессиялари ҳам ўрин олди.
Йиғин доирасида инвестиция, логистика, фармацевтика, рақамли технология ва саноат ҳамкорлиги соҳаларида 8 та битим ва меморандум имзоланди.
Мазкур форумда иштирок этган Сербиянинг собиқ (2004-2012 йиллар) Президенти, айни пайт “VEON” компаниялари гуруҳи маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб бораётган Борис Тадич ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
– Президент Шавкат Мирзиёев билан Ўзбекистон келажаги ва Марказий Осиёнинг жаҳон майдонидаги ўрни ҳақида мулоқотни давом эттириш ниятидаман. Биз мулоқотга тайёрмиз.
Вазифамиз – фуқаролар ва мамлакат учун хизмат қилиш. Шунингдек, рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим, хавфсизлик каби муҳим йўналишларда биргаликдаги саъй-ҳаракат орқали ўз миссиямизни бажаришда давом этамиз.
Мен Ўзбекистон Президенти рақамлаштириш, алоқа ва коммуникациялар аҳамиятини теран тушунишига амин бўлдим. Ҳозир бутун дунёда барча соҳалар ўзгармоқда. Ўзбекистонда эса ўзгаришлар жуда тез содир бўляпти.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4Jlr9Xzr7Ag" title="Boris Tadich: O‘zbekiston jadal ijobiy o‘zgarishlar qurshovida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ў.Алимов тайёрлади.
ЎзА