Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “2025 йил тўққиз ойлик учун Давлат бюджети параметрларида барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар учун ажратилган маблағлар ҳамда уларнинг сарфланиши тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Ахборотда қайд этилишича, Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган мақсадларга эришиш учун Давлат бюджетидан 2021 йилда 68,8 фоиз маблағ ажратилган бўлиб, бу кўрсаткич 2024 йилда 74,1 фоизни ташкил этган. Жорий йилнинг 9 ойида ушбу мақсадларга сарфланган маблағлар Давлат бюджети харажатларининг қарийб 74 фоизини ташкил қилмоқда.

Йиғилишда Давлат бюджети харажатларининг барқарор ривожланиш миллий мақсадларига мувофиқлиги ва иқлим ўзгаришига таъсирини кўрсатиб бориш (маркировкалаш) концепцияси доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Муҳокамаларда халқ вакиллари Барқарор ривожланиш миллий мақсадлари йўналишида ажратилган маблағларнинг манзилли ва мақсадли ишлатилиши бўйича парламент ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан назорат қилиш бўйича механизмларни ишлаб чиқиш лозимлиги ҳақида таклиф билдирди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА