Бугунги кунда глобал иқлим ўзгаришлари бутун дунёда кескин илгариламоқда. Ўзбекистон ҳудуди ҳам бу салбий тенденциялардан мустасно эмас.
Иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва уларга қарши самарали курашишда ёш авлоднинг иштироки муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури томонидан илгари сурилган ташаббуслар ёшларни ушбу жараёнларга фаол жалб қилишга йўналтирилган муҳим қадамлардан бири бўлмоқда.
БМТТД томонидан Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “Замин” халқаро жамоат фонди ҳамда “Таълим ҳамма нарсадан устун” жамғармаси (Қатар) билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда иқлим таълими орқали ёшларнинг етакчилик қобилиятларини кучайтириш ва ривожлантириш” қўшма лойиҳаси ишга туширилибди.
Орол бўйи минтақасидан старт олган лойиҳа бугун Қашқадарёга ҳам етиб келди.
Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида шу мақсадларга хизмат қилувчи тренинг бўлиб ўтди.
Тадбирда 150 нафар мактаб ўқувчилари ва маҳаллий ёшлар етакчилари 1,3 миллиондан ортиқ ёшларни иқлим муаммолари, барқарор қишлоқ хўжалиги ва тоза энергия каби амалий кўникмалар бўйича ўқитишга қаратилган лойиҳа билан танишди. Лойиҳа қурғоқчилик, сув танқислиги ва чўлланиш каби иқлим муаммоларига дуч келаётган қишлоқ ҳудудларига қаратилган бўлиб, ёшларнинг иқлим ўзгариши билан боғлиқ маҳаллий муаммоларни ҳал этишда етакчи бўлиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.
– Ушбу лойиҳа ёшларнинг иқлим ўзгаришига чидамли кўникмаларини шакллантириш, мактабларда иқлим таълимини жорий этиш ва яшил иш ўринларини яратиш орқали Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшишни мақсад қилган, – деди лойиҳа раҳбари Лазиз Хўжақулов.
Тадбир давомида мактаб ўқувчилари Ёш яшил элчилар жамоасини шакллантириш, иқлим соҳасидаги етакчининг маҳорат дарси, стартаплар кўргазмаси ва иқлим бўйича хабардорликни баҳолаш учун онлайн сўровнома каби интерфаол машғулотларда иштирок этди. Бундан ташқари, ўқувчилар гуруҳларга бўлиниб, иқлим муаммоларига ечимлар бўйича ғояларни муҳокама қилди ва тақдим этди. Бу машғулотлар турли ҳудудлардан келган ёшлар ўртасида қизиқиш уйғотди ва улар ўртасида алоқалар ўрнатилишига сабаб бўлди.
[gallery-25882]
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Ўзбекистон, айниқса, Оролбўйи ҳудудларида, ҳароратнинг кўтарилиши, сув танқислиги ва чўлланиш муаммоларига дуч келмоқда. 2025 йилдан 2028 йилгача амалга ошириладиган 7,5 миллион долларлик лойиҳа доирасида мактаб дастурларига иқлим бўйича дарслар киритилиши, ўқитувчилар малакаси оширилиши ва касбий кўникмалар марказида (Мономарказ) “яшил” иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг миллий иқлим стратегиясини қўллаб-қувватлаб, мамлакатнинг иқлимга таъсирчан ҳудудлари учун узоқ муддатли ва барқарор ечимларни тақдим этиши кутилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари