Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегациясининг Россия Федерациясига сафари давом этмоқда.
Делегация Москва вилоятида ташкил этилган Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари II кенгаши йиғилишида иштирок этди.

Ушбу нуфузли тадбир икки давлат ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун ўзига хос майдон ҳисобланади. Белгиланган дастурга мувофиқ, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор тадбирлар, амалий учрашув ва мулоқотлар бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳам ўз маърузаси билан иштирок этди. Вилоят ҳокими ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва бу борадаги дастлабки натижалар хусусида алоҳида тўхталди.

Жумладан, амалга оширилган ташаббуслар қаторида Ангрен шаҳрида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳанинг иккинчи босқичи бор. Бу корхона уч миллион долларлик экспорт салоҳиятига эга бўлиб, 600 нафардан ортиқ фуқарони иш билан таъминлади. Татаристон Республикаси билан ҳамкорликда “Чирчиқ” кимё-саноат технопарки янада кенгайтирилмоқда. Ҳозир бу ерда 15 та корхона фаолият юритмоқда ва 250 миллион долларлик яна 10 та лойиҳа ишга тушиш арафасида.

Башқирдистон билан ҳамкорликда қўшма саноат зонаси ташкил этиш бўйича ҳам лойиҳа бошланган. Санкт-Петербурглик шериклар билан қурилиш ва изоляцион материаллар соҳасида фаол ҳамкорлик қилинмоқда. Ҳамкорлик жараёнида электротехника, фармацевтика, логистика ва “яшил энергетика” соҳаларидаги кооперацияга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Москва, Ленинград ва Белгород вилоятлари ҳамкорлари билан трансформаторлар, электромобиллар учун қувватлагич станциялар, дори-дармон воситалари ва замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 120 миллион доллардан ортиқ лойиҳалар кўзда тутилган.
Иркутскнинг “Ambaks” компанияси билан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган логистика маркази ҳамда 25 миллион долларлик заргарлик буюмлари ва махсус мебель ишлаб чиқариш заводи қурилмоқда. Қишлоқ хўжалиги тармоғида ҳам бир қанча лойиҳалар йўлга қўйилган.
Иккинчи форумга тайёргарлик доирасида ўтказилган учрашувлар натижасида қарийб 200 миллион долларлик экспорт шартномаси имзоланди. Бундан ташқари, тадбиркорларимиз Қозон, Уфа ва Москва вилоятида умумий қиймати 70 миллион доллар бўлган улгуржи савдо ва тайёрлов марказларини ташкил қилмоқда.
– Умуман, Тошкент вилояти Россия ҳудудлари билан ҳамкорликдаги қўшма лойиҳалари ҳажмини икки миллиард долларгача етказиш мақсад қилинган. Тошкент вилояти Россия-Ўзбекистон кооперацияси учун ишончли майдон бўлишга тайёр, – деб таъкидлади вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ўз нутқида.
Форум доирасида Архангелск, Омск вилоятлари расмийлари ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва ижтимоий-маданий соҳаларда ҳамкорлик тўғрисидаги келишув, Бошқирдистон Республикаси ҳукумати ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, таълим, ёшлар ва саноат соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув, Омск вилояти раҳбарлари ва Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари ўртасида 2025–2027 йилларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) имзоланди.
А.Мусаев, ЎзА