Қозоғистоннинг Остона шаҳрида имконияти чекланган шахматчилар ўртасида ўтаётган II Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг ортда қолган 3 та тур ўйинларидан кейин Ўзбекистон терма жамоаси 5 очко билан кучли бешликда бормоқда.
35 та давлатнинг миллий терма жамоалари иштирок этаётган олимпиадада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1-турда Бирлашган Араб Амирликлари вакилларини 4:0 ҳисобида мағлуб этди. 2-турда Аргентина жамоаси билан 2:2 ҳисобида дурангга эришди.

Кеча ўтказилган 3-тур ўйинларида ҳамюртларимиз “ICCD” жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Турнир жадвалини 6 очко жамғарган ФИДЕ-1, Польша ва Исроил жамоалари бошқариб бораётган вазиятда, уларни 5 очкога эга Ўзбекистон ҳамда Чехия терма жамоалари таъқиб этмоқда. АҚШ, Куба, Венгрия сингари 11 та жамоа ҳисобида 4 очко мавжуд.

Бугун, 23 октябрь куни II Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 4-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Унда мамлакатимиз шахматчилари Куба жамоаси билан рўбарў келади. Мусобақа низомига кўра, ғолиб жамоага 2 очко, дуранг натижа учун эса 1 очко тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, Остонада давом этаётган нуфузли мусобақада терма жамоамиз аъзолари Селби Какишова, Илҳом Эргашов, Сирожиддин Зайниддинов, Аҳадхон Кимсанбоев ва Марсел Шоюсупов мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
6 та турдан иборат олимпиада ўйинлари 25 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА