Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари изчил давом этмоқда
Ис газидан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш ҳам бугунги кундаги муҳим вазифалардан бири саналади. Масалан, таҳлилларга кўра, сўнгги беш йилда Қашқадарё вилоятида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 17 та ҳолат қайд этилган бўлиб, уларда 27 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 17 киши жароҳат олган.
Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган “Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳолини ис газидан заҳарланиш ва ёнғинлардан муҳофаза қилиш” мавзусидаги матбуот анжумани ҳам айни шу каби масалаларга бағишланди.
Тадбирда бошқарма бошлиғи, полковник Фарҳод Мирзаев вилоятда мавсум олдидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, ҳудуддаги 2 минг 500 дан ортиқ кўп квартирали уйлар, барча таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида иситиш тизимлари, вентиляция ва мўриконлар кўрикдан ўтказилган. 700 мингга яқин хонадонда электр ва газ тизимларининг ҳолати ўрганилган бўлиб, уларнинг 75 фоизида профилактик ишлар амалга оширилган.
Текширувлар давомида жами 1 минг 874 та ёнғинга қарши камчилик аниқланиб, шуларнинг 89 фоизи бартараф этилган. 213 нафар фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 42 миллион сўмлик жарималар қўлланилган. 32 та объектда фаолият вақтинча тўхтатилган.
Фуқаролар ўртасида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шу мақсадда 560 мингдан зиёд хонадонда аҳоли билан учрашувлар ўтказилди, ОАВ орқали 60 дан ортиқ чиқишлар амалга оширилди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан давлат аҳамиятига молик объектларда 16 маротаба ўқув машқлари, ижтимоий соҳада 80 дан зиёд амалий-тактик машқлар ташкил этилди.
Айни пайтда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари босқичма-босқич давом этмоқда. Бугунги кунда аниқланган камчиликларнинг 95 фоизи бартараф этилган.

Матбуот анжумани давомида ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга бошқарма бошлиғи ва масъуллари томонидан батафсил маълумот берилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири