Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактабгача, умумий ўрта таълим ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш жараёнлари бошланди.
Бир йилда икки марта ўтказилаётган аттестация жараёнлари янги тартиб бўйича бир вақтнинг ўзида республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида педагоглар сони 62 минг 556 нафарни ташкил этиб, уларнинг 6745 нафари (11 фоизи) олий, 11570 нафари (18 фоизи) 1-тоифали, 13780 нафари (22 фоизи) 2-тоифали, 21167 нафари (34 фоизи) мутахассис-тоифасиз, 9294 нафари (15 фоизи) ўрта махсус маълумотли ходимлардан иборат. Айни жараёнда қатнашиш учун жами 30 мингга яқин ҳужжат келиб тушган, уларнинг 20 минг 835 таси қабул қилинган.
– Аттестациядан ўтиш учун педагог кадрлардан 1 августдан 1 октябрга қадар бевосита давлат хизматлари марказлари орқали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд ваколатли вазирликнинг расмий сайтида рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаатлар қабул қилинди, – дейди Самарқанд вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг педагогларнинг билим ва малакаларини баҳолашни ташкил этиш шуъбаси бош методисти Ориф Маърупов. – Вилоят бўйича аттестация жараёнларида қатнашиш учун келиб тушган ҳужжатлар маълум қисмининг қайтарилганлигига ўқитувчилар томонидан талаб қилинган ҳужжатларнинг нотўғри киритилганлиги сабаб бўлган. Камчиликлар кузатилган ҳужжатлар қайта таҳрирга юборилган. Аммо педагоглар ҳужжатлари қабул қилинган ёки қайтарилганлиги билан қизиқмаган. Аттестация жараёнлари бир йилда икки марта — баҳор ва кузда ўтказилмоқда. Жорий мавсум тест синовлари 21 октябрдан 12 ноябргача давом этади. Бир навбатда 225 педагог, бир кунда 1600 нафарга яқин педагог тест синовларида қатнашмоқда. 80 баллдан юқори балл олган педагог тоифа билан бирга вазирнинг 70 фоизлик устамасини олиши мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, вилоятимизда ўз устида мунтазам ишлаб, 29 миллион сўмгача иш ҳақи олаётган педагогларимиз ҳам бор.
Ўрнатилган тартибга кўра, синовлар икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда мутахассислик фанидан педагогларнинг билими (билиш, қўллаш, мулоҳаза қилиш кўникмалари), иккинчи босқичда уларнинг педагогик маҳоратлари баҳоланади.
Биринчи босқичда – педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланиб, бунда педагогларга мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволи берилади.
Иккинчи босқичда – педагогик маҳорат баҳоланади. Бунда педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида 10 та савол-топшириқ берилади.
[gallery-25859]
Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилади. Бунинг натижасида ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили аралашувига барҳам берилади. Энг муҳими, самарқандлик педагогларнинг аксарияти тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, белгиланган тартибда тоифаларни ҳамда устама ҳақ олиш имкониятларини ҳам қўлга киритмоқда.
– Жараёнга иш фаолияти ҳамда фарзандлар тарбияси билан биргаликда тайёргарлик кўриш бироз қийин бўлди, – дейди Самарқанд шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби география фани ўқитувчиси Гавҳар Ҳамдамова. – Аммо қилган меҳнатларим бесамар кетмади. Синовларни муваффақиятли топшириб, 86 балл билан ўтдим. Энг муҳими, биринчи тоифадан олийга ўтиш билан бирга Мактабагача ва мактаб таълими вазирлигининг 70 фоизлик устама ҳақ олиш имконини ҳам қўлга киритдим. Бундай имкониятлар ҳар қандай соҳа ходимининг ҳам ишига бўлган қизиқишини орттиради. Энди ўқувчиларим билан янада чуқур ишлаб фан олимпиадаларида ҳам юқори натижаларни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари