Мажбурий ижро Бюроси Навоий вилоят бошқармаси Қидирув шўъбаси ходимлари томонидан қидирувдаги қарздор шахслар ва уларнинг мол-мулклари турган жойини аниқлаш, уларга нисбатан қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида мамлакат бўйлаб тезкор қидирув тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда.
Бошқарма ходимлари томонидан 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 250 нафар жисмоний шахслар топилиб, 390 миллион сўм қарздорликлар ундирилиши таъминланган.
– Ҳозирда 173 нафар қарздорни қидириб топиш чоралари кўрилмоқда, – дейди Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси инспектори Муҳаммад Розиқов. – Ушбу шахсларнинг 125 нафари республика ҳудудида яшириниб юрганлиги, 48 нафари эса чет элга турли мақсадларда чиқиб кетганлиги аниқланган. Жумладан, Навбаҳор туманида яшовчи фуқаро Ш.С. чет элда бўлганлиги сабабли давлат ижрочиси томонидан унга нисбатан 2023 йил 26 августда қидирув эълон қилинган эди.Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида халқаро қидирувда бўлган қарздор Ш.С. фуқаролик паспортини алмаштириш учун Ўзбекистонга келган вақтида ушланди.
Алимент мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаб келганлиги оқибатида ундирувчига 3 нафар фарзанди учун тўланиши лозим бўлган 85,7 миллион сўм алимент қарздорлиги тўлиқ тўлаб берилган.
А.Бўриев, ЎзА