Бугун, 20 октябрь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида имконияти чекланган шахматчилар ўртасида II Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўйинлари бошланади.
35 та давлатнинг миллий терма жамоалари иштирок этаётган мазкур олимпиадада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари - Селби Какишова, Илҳом Эргашов, Сирожиддин Зайниддинов, Аҳадхон Кимсанбоев ва Марсел Шоюсупов каби иқтидорли шахматчилар мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишга ҳозирланмоқда.

Кеча II Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси олдидан мандат комиссиясининг йиғилиши ҳамда 1-тур ўйинларига қуръа ташлаш маросими ташкил этилди.
Ташланган қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг матонатли ва иродали шахматчилари бугун ўтадиган 1-тур баҳсида Бирлашган Араб Амирликлари жамоаси билан куч синашади.
6 та турдан иборат бўлган олимпиада ўйинлари 25 октябрга қадар давом этади.
Мусобақа низомига биноан ғалаба учун 2 очко, дуранг учун эса 1 очко берилади.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда махсус совринлар билан тақдирланади. Шунингдек, 11 та номинация бўйича фахрий мукофотлар соҳиблари аниқланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА