Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров Япония – Ўзбекистон Ипак йўли жамғармаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ва минтақавий ривожланиш бўйича ишчи гуруҳ раиси Минагава Ёшицугу бошчилигидаги Япония бизнес делегацияси билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, кун чиқар юрт илғор тажрибасини мамлакатимиз аграр соҳасига жорий этиш ва инвестиция лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар тармоқларни модернизация қилиш, қайта ишлаш саноатини кучайтириш ва инновацион ечимларни амалиётга татбиқ этиш орқали шерикликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Хусусан, Фарғона вилоятида давлат-хусусий сектор ҳамкорлигида ипакчиликни ривожлантириш, шунингдек япон тажрибаси асосида чой етиштириш, логистика ва “смарт” технологияни жорий этиш ташаббуслари илгари сурилди.
Учрашувда Тошкент давлат аграр университетида Япон тили ва агротехнологиялар йўналишида кадрлар тайёрлаш, малака ошириш ҳамда тажриба алмашиш дастурларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Якунда белгиланган лойиҳаларни тўлиқ қўллаб-қувватлашга ўзаро тайёрлик билдирилган мазкур учрашувни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида технология, таълим ва инновация уйғунлигига асосланган ҳамкорликнинг янги даври сифатида баҳолаш мумкин.
М.Пирматова, ЎзА