Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 25-тури доирасида “Навбаҳор” – “Бунёдкор”, “Динамо” – “Бухоро” жамоалари ўзаро рақобатлашди.
Намангандаги “Марказий” стадионида ўтказилган “Навбаҳор” ва “Бунёдкор” клублари баҳсида пойтахт клуби 0:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдаги ҳар икки голга Имеда Ашортиа муаллифлик қилди. Дарвоқе, мезбонлар вакили Руслабнек Жиянов 27-дақиқада пенальтини голга айлантира олмади. Самарқанда ўтган “Динамо” – “Бухоро” учрашуви 4:1 ҳисобида якунланди.
Бугун, 19 октябрь куни Суперлиганинг 25-турида “Пахтакор” – “Қизилқум”, “Нефтчи” – ОКМК жамоалари ўзаро рақобатлашади. Шу ўринда, “Жар” стадионида соат 16:00 да старт оладиган “Пахтакор” ва “Қизилқум” жамоалари баҳси олдидан, ушбу клубларнинг ўзаро ўйинлар статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак, миллий чемпионат доирасида жамоалар 51 учрашувда майдонга тушган. Ушбу ўйинларнинг 42 тасида “Пахтакор” зафар қучган бўлса, 7 бор дуранг ўйнаган ва 2 марта имкониятни бой берган. Тўплар нисбати эса 140/32 пойтахт клуби фойдасига. “Шерлар” рақибларини 8 бор йирик натижа билан таслим қилган. Улар орасида энг йириги 2007 йил Навоийда ўтган беллашувда содир бўлган – 11:0.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА