Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг пойтахти Самарқанд XIV аср охири – XV аср бошларида дунё сиёсатининг марказига айланган, бу ерга Оврўпо-ю Осиёнинг турли бурчакларидан тинимсиз элчилар оқими келиб турарди.

Испаниядан Руи Гонсалес де Клавихо, Франциядан Иоанн де Галонифонтибус каби машҳур дипломатларнинг ташрифлари тарих саҳифаларидан мустаҳкам ўрин олган. Бироқ бу дипломатик алоқаларнинг шонли тарихи орасида бир воқеа алоҳида ажралиб туради – бу Амир Темур саройида энг узоқ, нақд ўн икки йил ушлаб турилган хитой элчилигининг зиддиятли қисматидир. Хўш, Соҳибқироннинг юксак дипломатия анъаналарига эга саройида бир элчиликнинг бу қадар узоқ ушлаб турилиши замирида қандай сиёсий сирлар яширин?

Бу воқеанинг илдизлари икки буюк империя – Амир Темур салтанати ва Хитойдаги Мин сулоласи ўртасидаги мураккаб геосиёсий муносабатларга бориб тақалади. 1368 йилда мўғулларнинг Юань сулоласини ағдариб, ҳокимиятга келган Мин сулоласи асосчиси Чжу Юаньчжан (император Хунъу) ўзини “Осмон ўғли” ва бутун дунёнинг қонуний ҳукмдори деб билар, бошқа барча давлатларга, жумладан, Амир Темур салтанатига ҳам ўзининг олий ҳокимиятини тан олдиришни истар эди. Хитой императорларининг тасаввурида дунё фақат икки қисмдан иборат эди: маданиятли “Ўрта салтанат” (Хитой) ва уни ўраб турган “варварлар”. Шу сабабли, уларнинг Темурга юборган мактублари кўпинча панд-насиҳат, итоаткорликка ундовчи ва ўзини юқори тутувчи оҳангда бўларди. Бу эса улуғ салтанат тузган Амир Темур учун мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат эди.

Айнан шундай таранг вазиятда, 1395 йили Мин императорининг Фу Ан Чжи-дао ва Го Цзи бошчилигидаги навбатдаги элчилиги Самарқандга кириб келди. Уларнинг асосий вазифаси, аввалгилар каби, Соҳибқиронни императорнинг олий ҳокимиятини тан олишга ва ўлпон тўлашга кўндириш эди. Бироқ элчилар ноқулай вақтда келишганди: Амир Темур бу пайтда ўзининг машҳур “беш йиллик” юриши билан банд бўлиб, салтанат пойтахтидан узоқда эди. Натижада, элчилар ҳукмдорнинг қабулини икки йилдан ортиқ кутишга мажбур бўлдилар.

Ҳақиқий зиддият Амир Темурнинг юришдан қайтиб, орадан бироз вақт ўтгач, 1397 йил охирида, ниҳоят элчиларни қабул қилиши билан бошланди. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, императорнинг камситувчи оҳангдаги мактубини эшитган Соҳибқирон ғазабга минган ва уни ерга улоқтирган. Дунёнинг энг қудратли ҳукмдорларидан бири бўлган шахс учун Хитой императорининг ўзини “олий” деб, уни эса “тобе” деб билиши очиқдан-очиқ ҳақорат эди. Айнан шу лаҳзадан эътиборан элчиларнинг тақдири ҳал бўлди: улар дипломатик вакил мақомини йўқотиб, амалда сиёсий маҳбусларга айлантирилди. Амир Темур уларни озод қилишдан бош тортиб, бу орқали Мин империясининг даъволарини рад этишини ва ўзини тенг, ҳатто ундан ҳам юқорироқ куч деб билишини яққол намойиш этди.

Элчиларнинг Самарқанддаги ҳаёти йилларга чўзилди. Бу давр мобайнида икки империя ўртасидаги муносабатлар янада кескинлашди. Амир Темур Хитойга қарши буюк юришни режалаштира бошлади ва бу режани амалга ошириш учун улкан қўшин тўплади. Фу Ан Чжи-дао ва Го Цзи эса бу буюк геосиёсий ўйиннинг кичик, аммо муҳим бир қисмига, Соҳибқироннинг қўлидаги гаровга айланиб қолишди. Уларнинг тақдири энди фақат бир нарсага – Амир Темурнинг Хитой юриши натижасига боғлиқ эди. Бироқ тақдир бу зиддиятга ўзгача якун ясади. 1405 йилнинг февралида, Хитой сафарига отланган вақтида, Амир Темур Ўтрор шаҳрида вафот этди.

Соҳибқироннинг вафотидан сўнг тахт учун бошланган курашлар даврида унинг ворислари Хитой билан уруш қилиш ниятида эмасдилар. Улар учун Мин империяси билан тинчлик ва савдо алоқаларини қайта тиклаш муҳимроқ эди. Шу сабабли, Амир Темур вафотидан кўп ўтмай, Самарқандда ўн икки йил ушлаб турилган Фу Ан Чжи-дао ва Го Цзи бошчилигидаги элчилик ниҳоят ўз ватанига қайтиш учун рухсат олди. Уларнинг бу узоқ ва машаққатли сафарининг якунланиши, аслида, икки ҳукмдорнинг бир-бирига қарама-қаршилиги билан боғлиқ бутун бир тарихий даврнинг ҳам хотимаси эди. Бу воқеа шунчаки узоқ давом этган элчилик эмас, балки XIV – XV асрлардаги жаҳон сиёсатининг мураккаб манзарасини, икки турли дунёқараш – “Осмон ўғли” ва “Дунё соҳиби” ўртасидаги кескин тўқнашувни ўзида акс эттирган тарихий воқеага айланди. Бу, ўз навбатида, Амир Темур салтанатининг халқаро майдонда тутган ўрни ва Соҳибқироннинг нафақат ҳарбий, балки сиёсий иродаси ҳам нечоғли кучли бўлганини кўрсатувчи ёрқин далилдир.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амир Темур ва Мин империяси: Самарқандда ўн икки йил ушлаб турилган элчилар