2025 йилнинг 15-17 октябрь кунлари Тошкент давлат тиббиёт университетида “Қозоғистон тиббиёти кунлари” ҳамда “Ўзбекистон –Қозоғистон тиббиёт ёшларининг дўстлик ҳафталиги” ўтказилди.
Халқаро форумда ТДТУ талабалари Қозоғистоннинг етакчи тиббиёт олийгоҳлари раҳбарлари билан очиқ мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди. Мулоқотларда Асфендияров номидаги Қозоғистон миллий тиббиёт университети ректори Марат Шоранов, Қарағанда тиббиёт университети ректори Бахит Кошерова, Семей тиббиёт университети ректори Алтай Дюсупов, Ғарбий Қозоғистон тиббиёт университети проректори Нургул Абенова иштирок этди.

Ҳафталик доирасида талабалар ўртасида жарроҳлик ва стоматология бўйича олимпиадалар, спорт тадбирлари, фан олимпиадалари, илмий-амалий конференциялар, маҳорат дарслари ва давра суҳбатлари ўтказилди. Ректорлар “Таълимда етакчилик”, “Аёллар илмида инновациялар”, “Тиббиёт келажаги бизда” каби мавзуларда маърузалар ўқиб, ёшларга илҳом бағишлади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон тиббиёт ёшларининг дўстлик тадбирлари доирасида Тошкент давлат тиббиёт университетида "Хирургия" ва "Стоматология" фанлари бўйича халқаро олимпиадалар, спартакиада мусобақалари, тиббиёт университетлари ректорларининг маърузалари ва талаба-ёшлар билан очиқ мулоқотлари, илмий форум ва лойиҳалар кўргазмаси ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Тақдирлаш маросимида Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Боймуродов мамлакатимизда тиббиёт соҳаси мутахассисларини тайёрлашга катта аҳамият берилаётгани, бу жараён тубдан такомиллашиб бораётганини таъкидлади. Ғолибликни қўлга киритган талабаларни табриклаб, диплом ва эсдалик совғалари топширди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА