Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу эса содир этиладиган қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва комплекс чора-тадбирлар билан манзилли бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада оширишни тақозо этмоқда.
Юқорида келтирилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда. Ушбу гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги қарори ҳамда 2025 йил 18 августдаги қарори билан тасдиқланган Криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятларнинг олдини олиш бўйича манзилли чоралар концепцияси ижросини таъминлаш мақсадида иш олиб бормоқда.
Ишчи гуруҳ Тошкент вилояти Зангиота туманидаги криминоген вазияти мураккаб бўлган маҳаллаларда туман ИИБ, Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, ҳокимият ва жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорликда ўрганиш ишларини амалга оширмоқда.
Тумандаги криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича ташкилий-профилактик тадбирлар самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ижтимоий профилактика тадбирларини амалга оширувчи субъектларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда алоҳида ёндашув асосида манзилли ишлаш механизмларини жорий этиш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Бунинг учун мутасадди шахсларни қийнаб келаётган муаммоларни бевосита жойларга чиқиб ўрганиш орқали илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Ушбу таклифлар туманнинг 4-чорак учун тайёрланаётган “Йўл харита”ларига киритилмоқда.
—Хусусан, туманнинг “Сортепа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги криминоген вазият ўрганилди,— дейди Жамоат хавфсизлиги университети доценти Жасурбек Атаниязов. — Маҳалла фаоллари ва туман ИИБ ходимлари билан биргаликда аҳоли кайфиятига таъсир этувчи муаммолар фуқаробай усулда таҳлил этилди. Жойлардаги ташкилот раҳбарлари билан ҳамкорликда муаммоларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, туман ҳудудида “Хавфсиз ҳудуд – долзарб 20 кунлик” тадбири доирасида жамоат тартибини сақлаш ишлари фаоллаштирилди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ишлар янада кучайтирилмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/TXz65Zt-Vpk?si=eptJySnvBDf8a8jm" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Улуғбек Тўхтаев (монтаж)
ЎзА