18 октябрь – Самарқанд шаҳри куни
Самарқанд – қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳар, ер юзининг сайқали, Шарқ гавҳари, дея бир-биридан гўзал таъриф ва ташбеҳлар билан айтиладиган муққадас маскан.
Уч минг йиллик тарихи давомида бу замин не-не улуғ алломалар, жаҳонгирлар, олиму фузалоларга бешик бўлмади, дейсиз. Шунинг учун ҳам Самарқанд ҳақида гап кетганда жаҳонга илм-маърифат, зиё таратгани алоҳида тилга олинади. Азалдан бу кентда илм-фан, маданият, санъат, ҳунармандчилик ривож топган, Буюк ипак йўлининг чорраҳаси бўлгани учун савдо-сотиқ тараққий этган. Икки уйғониш даврида ҳам Самарқанднинг, бу муқаддас заминда камолга етган алломаларнинг муносиб ҳиссаси бўлган.
Бугун Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишдек улуғвор мақсад илгари сурилаётган Янги Ўзбекистонда Самарқанднинг ўрни, айтар сўзи, чиройи бўлакча албатта.
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори билан Самарқандни бир миллионли шаҳарга айлантириш, аҳоли ва сайёҳлар учун қулай шароит яратиш борасида йирик дастурлар амалга оширилмоқда.
Бир пайтлар тошлоқ майдон бўлган Қорасув массивида кейинги саккиз йилда қарийб 100 минг аҳоли яшайдиган замонавий шаҳарча пайдо бўлди. Айни пайтда шу каби яна бир йирик лойиҳа – Қорадарё бўйида “Ширин” ишбилармонлик маркази қурилиши амалга оширилмоқда. 665 гектар майдонни эгаллаган бу ҳудуд турар-жойлар, маъмурий ва бизнес марказлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, кўнгилочар масканлар, шунингдек, замонавий транспорт ва муҳандислик коммуникацияларини ўз ичига олади. Шаҳарчани барпо этиш тўрт босқичга бўлинган бўлиб, биринчи босқичда дарё устида кўприк қурилгач, унинг икки томонидаги 100 гектар ер майдонида қурилиш ишлари амалга оширилади.
– Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани синари Самарқанд шаҳрида ҳам йилдан-йилга қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳажми ошиб бормоқда, – дейди Самарқанд шаҳри ҳокими ўринбосари Феруз Нажмиддинов. – Жумладан, Абу-Даби тараққиёт жамғармаси иштирокида Самарқанд шаҳрида сув таминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш лойиҳаси бўйича умумий киймати 225 миллион АКШ долларига тенг қурилиш-пудрат ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа асосида иккита туннел, тўртта пиёдалар ер ости ўтиш йўли қурилмоқда. 12 километр оқова тизими ва яна шунча масофада ичимлик суви тармоқлари янгиланди. 12 километр магистрал йўл қурилиши давом этмоқда. 22 километр пиёдалар йўлаклари қурилди. Бундан ташқари, 20 йилдан буён иситиш тизими бўлмаган Самарқанд шаҳрининг Сартепа, Сўғдиёна, Микрорайон “А”, “Б” ҳудудлари, темирйўл атрофидаги кўп қаватли уйларни марказлашган тизимга улаш бўйича ишларнинг биринчи босқичи якунланиб, 93 та уйга иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув етказиб бериш имконияти яратилди. Иккита янги мактаб, учта давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилди, 8 таси реконструкция қилинди. Шаҳримизнинг Қорасув массивида янги туғруқхона фойдаланишга топширилган бўлса, айни пайтда яна битта шундай муассаса Кимёгарлар шаҳарчасида ташкил этилмоқда.
Неча йиллардан буён эътибордан четда қолган Самарқанд шаҳрининг темирйўл орти ҳудудида ҳам жорий йилда реновaция дастури асосида амалий ишлар бошланди. Бу ерда 301 гектар майдонда юз минг аҳоли учун 31 мингта хонадон, шунингдек, замонавий лойиҳалар асосида мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари, кўп тармоқли тиббиёт маркази, олий таълим муассасаси, спорт соғломлаштириш масканлари, кўп қаватли автотураргоҳлар, маданият ва истироҳат боғлари, экобозор, савдо ва кўнгилочар марказлар барпо этилади.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида шаҳардаги Янги ҳаёт ва Чилқудуқ маҳаллаларида 6 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу жараёнда мазкур ҳудудларда 9 та янги трансформатор, 125 та темирбетон таянч ўрнатилиб, 14,3 километр масофага СИП кабеллар тортилди. 1,3 километр йўлга асфальт ётқизилди, 1400 метрга яқин масофада бетон лотоклар ўрнатилди.
[gallery-25770]
Шаҳардаги бунёдкорлик ишлари жараёнида аҳолининг муносиб дам олиши учун зарур шароит яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда янги истироҳат боғлари, яшил парклар, маданият масканлари ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон кўчасидаги собиқ ҳарбий госпитал ўрнида қарийб 5,5 гектар майдонда “Болалар ва яшил жамоат парки” барпо қилинди. Ватанпарвар боғи эса замонавий неопаркка айлантирилмоқда. Шаҳар марказидаги Алишер Навоий кўчасини эса туну кун фаолият кўрсатадиган туризм кўчасига айлантириш бўйича ишлар бошланган.
Гап туризм ҳақида борар экан, кейинги йилларда Самарқанд дунёга Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси сифатида намоён бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Сайёҳлар оқими йилдан-йилга ошиб бормоқда. Биргина жорий йилнинг 8 ойида Самарқандга 3,8 миллион маҳаллий ва 1,9 миллион хорижий сайёҳ келган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоизга кўп деганидир. Маълумотларга кўра, йил бошидан буён туризм хизматлари экспорти 427 миллион долларни ташкил этди. Туризмни кенг оммалаштиришга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро фестиваллар, маданий тадбирлар ўтказилди. Натижада мавсумдан ташқари ойларда ҳам вилоятга 693 минг нафар хорижий, 1,5 миллионга яқин маҳаллий сайёҳ ташрифи кузатилди.
Бугун бу қадимий ва навқирон кент дунёга янгича нигоҳ, янгича қараш, янгича мақсадлар билан намоён бўлмоқда. Самарқанд – йирик халқаро форум ва анжуманлар, сиёсий тадбирлар, маданий мулоқотлар ўтказиладиган муҳим нуқтага айланди. Бу нуқтада бугун Шарқ ва Ғарбнинг, Европа ва Осиёнинг мақсадлари, ташаббус ва интилишлари бирлашмоқда.
Айни жиҳатлар шу кунларда қизғин ҳозирлик кўрилаётган Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-юбилей сессияси тадбирларига тайёргарлик жараёнларида ҳам ўз аксини топмоқда.
Самарқанд ва унинг кўп миллатли, меҳмондўст халқи бугун ана шундай йирик халқаро анжуманларга тайёргарлик билан 18 октябрь – Самарқанд шаҳри кунини кенг нишонламоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TDFZFKK1iCs" title="18 oktyabr – Samarqand shahri kuni" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари