Франциянинг Париж шаҳрида “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери глобал ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида "Global Cosmetics Cluster (GCC)" халқаро тармоғига расман аъзо бўлиш бўйича шартнома имзолади. Бу МДҲ ҳудудидан мазкур тармоққа қўшилган илк кластер ҳисобланади.
"Global Cosmetics Cluster" дунё бўйлаб косметика, атир (парфюмерия) ва терини парвариш қилиш соҳаларида фаолият юритаётган кластерлар ҳамда ташкилотларни бирлаштирувчи халқаро тармоқ бўлиб, ҳозирда GCC тармоғида 17 та кластер фаолият олиб бормоқда. Улар орасида Португалия (AEBB / Cosmetic Cluster Portugal), Испания (Beauty Cluster), Италия (Polo della Cosmesi), Япония (Japan Cosmetic Center, JCC) ва Жанубий Корея (IBITA) каби мамлакатлар кластерлари мавжуд.
Аъзо кластерлар ўртасида инновация ва тажриба алмашинуви, илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик, стартапларни қўллаб-қувватлаш, бозорлар ўртасида интеграцияни таъминлаш ҳамда халқаро савдо миссияларини ташкил этиш каби кенг имкониятлар яратилади.
Ҳамкорлик шартномасига мувофиқ, томонлар 2026 йил апрель ойи якунида “Cosmetic Valley” раҳбарлигида француз косметика компаниялари делегациясининг Ўзбекистонга савдо миссиясини амалга оширишга келишиб олди. Ташриф доирасида B2B учрашувлар, илмий форумлар ва ҳамкорлик битимларини имзолаш тадбирлари режалаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси "GCC"нинг умумий йиғилишида “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери фаолияти, илмий салоҳияти ва истиқболли лойиҳалари билан таништирилди.

Мазкур аъзолик “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери ва Ўзбекистон косметика саноати учун янги технологиялар, ҳамкорлик имкониятлари, инвестициялар ҳамда халқаро бозорларга чиқиш йўлларини очиб беради. Шу тариқа, республика инновацион косметика ва биотехнология йўналишларидаги ютуқларини жаҳон ҳамжамияти билан янада яқинроқ боғлаш сари муҳим қадам ташламоқда.
Дарвоқе, айни кунларда Ўзбекистон биринчи марта ўз миллий стенди билан Париждаги машҳур Лувр мажмуасининг “Les Salles du Carrousel” кўргазма залида бўлиб ўтаётган халқаро косметика ва инновациялар кўргазмаси "COSMETIC 360" тадбирида иштирок этмоқда.
Франциянинг Cosmetic Valley кластери томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли тадбир ҳар йили косметика саноатидаги илғор технологиялар, барқарор ечимлар ва янги илмий ёндашувларни намойиш этади. Жорий йилги анжуман “Predictions” шиори остида ўтказилиб, соҳадаги сунъий интеллект, биотехнология ва экологик инновациялар мавзуларига бағишланди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Европа Комиссияси ва Франция ҳукумати вакиллари, Cosmetic Valley раҳбарияти ҳамда йирик халқаро косметика компаниялари иштирок этди. Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нодир Ғаниев Ўзбекистон стенди билан танишиб, мамлакатимизда косметика саноатини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди.
Ўзбекистон стендида маҳаллий компаниялар ишлаб чиққан табиий хомашёларга асосланган косметик воситалар, барқарор қопламалар учун ечимлар, шунингдек, бактерияфаг асосида ишлаб чиқилган инновацион маҳсулот тақдим этилди. Мазкур маҳсулот тери саломатлигини қўллаб-қувватлашнинг биотехнологик ечими сифатида халқаро иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистоннинг “COSMETIC 360” кўргазмасидаги иштироки миллий косметика саноатини жаҳон миқёсида тарғиб этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш сари муҳим қадамдир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА