Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Оксфорд университетида ўзбек тилини ўрганиш дастурининг расмий очилиш маросимида иштирок этди.
Оксфорд — Буюк Британиядаги энг етакчи ўқув даргоҳларидан бири саналади. Бу даргоҳ ўзининг «Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари» факультети таълим дастурига ўзбек ва қадимий ўзбек (чиғатой) тилларини киритган биринчи университет бўлди.
Ўзбек тили дастури очилиш маросимида иштирок этган Саида Мирзиёева Оксфорд университетининг инсоният тамаддунидаги ўрни, миллатлар маданиятининг шаклланишидаги даражаси ҳақида фикр билдирди.
— Узоқ йиллар Ўзбекистон ёпиқ мамлакат бўлиб келди. Бугун эса у илм-фан, технология, тараққиёт ва мулоқот учун очиқ мамлакатга айланди. Бу мулоқотни бошлаш учун энг тўғри жой — Оксфорд, — деди С.Мирзиёева.

Шунингдек, Саида Мирзиёевага аёлларнинг таълим олишига бўлган имкониятларни кенгайтириш, оилавий зўравонликларни жиноят деб малакалаш ҳақидаги ташаббуслари ҳамда аёлларни руҳлантириш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш борасидаги фаол ва ибратли раҳбарлиги учун Оксфорд университети мукофоти билан тақдирланди.
Дастурнинг тантанали очилишида Вольфсон коллежи президенти сэр Тим Хитченс, Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси Халқаро ишлар ва мудофаа қўмитаси аъзоси лорд Малколм Брюс, профессор ва «Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари» факультети декани ўринбосари Николай Синай, Оксфорд шаҳар мэри Луиза Аптон ҳамда Оксфорд университетининг бошқа илмий жамоаси вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида Саида Мирзиёева Бодлеан кутубхонасига ташриф буюрди. У ерда мамлакатимиз тарихи билан боғлиқ ноёб китобларни кўздан кечирди. XV асрга тааллуқли Мирзо Улуғбекнинг "Зижи Кўрагоний", Алишер Навоийнинг "Хамса", Ҳусайн Бойқаронинг "Девони Ҳусайний" асарлари, Бобурийлар даврига оид миниатюралар ва бошқа кўплаб нодир китоблар сақланаётган Бодлеан кутубхонаси билан танишув илиқ таассурот қолдирди.

ЎзА