Энергетика соҳасида халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва замонавий бошқарув тажрибасини жорий этиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти АҚШнинг нуфузли “McKinsey & Company” халқаро консалтинг компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида энергетика тизимини модернизация қилиш, инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда соҳанинг барқарор ривожланишини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Мулоқот чоғида жаҳон ва минтақавий энергетика бозорларидаги замонавий тенденциялар, уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири, шунингдек, ривожланишнинг устувор йўналишлари атрофлича таҳлил этилди.
Шу билан бирга, энергия тизимларининг самарадорлиги ва барқарорлигини ошириш, паст углеродли иқтисодиётга ўтиш жараёнида инновацион технологиялар ҳамда замонавий бошқарув усулларини қўллашнинг долзарб аҳамияти таъкидлаб ўтилди.
Томонлар “McKinsey & Company” халқаро экспертлари билан ҳамкорлик корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, институционал барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг стратегик салоҳиятини оширишга хизмат қилишини қайд этди.
Жамият ахборот хизматига кўра, “McKinsey & Company” - дунёдаги етакчи консалтинг корпорацияларидан бири бўлиб, ҳукуматлар ва йирик корпорацияларга бошқарув бўйича стратегик маслаҳатлар тақдим этади. 66 мамлакатда 150 дан ортиқ офисларга эга бўлган мазкур компания Марказий Осиё минтақасида сўнгги 20 йил давомида нефть-газ ва тоғ-кон соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳлашга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА