Ёхуд бу борадаги ютуқлар ва айрим муаммолар хусусида
Кейинги йилларда юртимизда аҳолининг янада фаровон яшашини таъминлаш, маҳаллаларда яшаётган фуқароларни рози қилиш, камбағалликни қисқартириш бўйича кенг кўламли ибратли ишлар амалга оширилаётир.
Бу борада Сурхондарё вилоятида ҳам мақтовга лойиқ юмушлар қилинганини алоҳида таъкидлаш керак. Айниқса, Сайдулла Абдураимов ҳамда Ўктам Алибоев раҳбарлик қилаётган вилоят маҳаллалар бошқармаси мутасаддилари жойларда тез-тез бўлишиб, ана шу йўналишда бир қатор туман ва маҳаллаларда ижобий ўзгаришлар бўлишига ҳам эришмоқдалар.

Вилоят ҳокимиятидан маълум қилишича, Президентимизнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича қарори ижроси борасида сезиларли ютуқлар қўлга киритилди. Хусусан, вилоятда 77 та оғир тоифали маҳалла танлаб олинган эди. Ана шу маҳаллаларда инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича кенг қамровли, зарур тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган.

Яқинда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз ҳамда Музробод туманларида бўлиб, эътирофга лойиқ ибратли ишлар қилинганини алоҳида қайд этди. Хусусан, юқорида таъкидланган танлаб олинган маҳаллаларда аҳоли томорқаларини суғориш тизимини янада яхшилаш мақсадида 25 та насос агрегати берилди. 80 та суғориш қудуғи, 41,5 километр узунликдаги суғориш тармоғи ишга тушганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Бундан ташқари 152,4 километр ариқлар бетонлаб чиқилди.

Бу ишларни бажаришдан мақсад аҳолининг томорқалардан кўпроқ даромад олишига эришишдир. Баъзи маҳаллалардаги хонадонларга борсангиз дилингиз яйрайди. Бунинг сабаби шундаки, улар томорқасида турли экинларни парвариш қилиб, бир неча ўн миллион сўм даромад, ишбилармон кишилар эса йилига икки марта ҳосил олаётганлигининг гувоҳи бўласиз.
Аммо бу борада ҳали қилиниши зарур бўлган ишлар, бир қатор муаммолар ҳам оз эмас. Айрим жойларда томорқалардан яхшироқ фойдаланиш учун шароит яратиш керак. Баъзи мутасаддиларнинг эътиборсизлиги туфайли бу борадаги муаммолар тобора кўпайиб бораётир. Жумладан, 94 та насос агрегатига қуёш панелларини ўрнатиш, 265 километр узунликда электр тармоғи тортиш ишлари ниҳоясига етказилмаган.
Вилоят ҳокими бу ишларни сифатли ҳамда барвақт уддалашда бепарволик қилаётган раҳбарлар ва мутасадди кишиларни қаттиқ танқид қилди.
Ҳокимнинг куйинчаклик билан гапирганлиги бежиз эмас. Яқинда Қизириқ туманига борганимда ўнлаб фуқароларнинг шикоятларини ҳам эшитишимга тўғри келди. Мисол учун, Янги Турмуш маҳалласи (раиси Алланазар Аннақулов)даги кўпчилик кишиларнинг томорқасига баҳор ва ёз фаслида бир неча ойлаб оқар сув бормайди. Шу сабабли экинларни ўз вақтида суғоришнинг, томорқада бирор экин етиштиришнинг, демак мўмай даромад олишнинг имкони бор деб бўлмайди. Аммо ердан фойдаланишнинг иложи йўқ бўлса-да, маҳаллада яшаётган фуқаролар бир неча юз минг сўм ер солиғи тўлашади. Бундай ташвишли аҳволни ўнглаш чорасини кўриш керак.
Оғир тоифага киритилган маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар жойлардаги аҳволни чуқур ўрганишлари, ҳар бир томорқадан юқори ҳосил олиб, аҳолининг турмуш шароити янада яхшиланишига эришишлари даркор.
Жовли Хушбоқов,
ЎзА мухбири