Президентимиз ташаббуси ва ёшларимизнинг таклифи билан эндиликда 100 минг нафар ёш оилавий шароитидан қатъий назар иқтидорига қараб чет тилларини ўрганиш имкониятига эга бўлади.
Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев қуйидагиларни маълум қилди:
– Давлатимиз раҳбари 100 минг ёшларни шароитидан қатъий назар, жумладан, у кам таъминланган оиладанми ёки ўзига тўқ хонадонданми фарқи йўқ, иқтидорига қараб ўқиш харажатларини чет тилларини ўрганиши учун қоплаб беришини йўлга қўйиб бердилар.
Хусусан, сиз тил ўрганиб, ўқув марказига бормоқчи бўлсангиз, лекин харажатни қоплаш учун маблағингиз бўлмаса, давлат буни қоплаб беради.
Бу қандай амалга оширилади? Сиз В2 ёки С1 олмоқчисиз. Шунда 2 ойлик харажатни ўзингиз қоплайсиз, 2 ой ўқиганингиздан кейин ўқув маркази бизга электрон тизим орқали сизнинг яхши ўқувчи эканлигингиз, ҳақиқатан ҳам 6 ой давомида давлат тўлайдиган маблағни оқлашингизга ишонч билдиришини маълум қилиб бизга тасдиқнома беради. Шундан сўнг биз 6 ойлик харажатни қоплашни бошлаймиз.
Тошкент шаҳрида тахминан 8 юз 24 минг сўм бўлган, вилоят ва Қорақалпоғистон Республикаси марказларида 6 юз18 минг сўмгача бўлган миқдорни қоплаб берамиз. Олис ҳудудлардаги туман ва шаҳарлардаги 4 юз 12 сўмгача бўлган харажатлар ҳам давлат томонидан қоплаб берилади. Бунинг эвазига ҳар йили 100 миллиардга яқин пул ёшларнинг хорижий тилларни ўрганиши учун сарфланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА