2025 йил учун иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти АҚШ, Франция ва Канада олимлари – Жоэль Мокир, Филипп Агийон ва Питер Ховиттга берилди. Улар инновация асосидаги иқтисодий ўсишни илмий нуқтаи назардан изоҳлаб берганликлари учун мазкур совринга лойиқ топилди. Бу ҳақда Швеция Қироллиги Фанлар академияси маълум қилди.
Хабарда таъкидланишича, мукофотнинг ярми Мокирга “технологик тараққиёт орқали барқарор ўсиш шароитини кўрсатиб бергани”, қолгани Агийон ва Ховиттга “ижодий вайронакорлик орқали барқарор ўсиш назарияси” учун ажратилади.
Асли Голландия яҳудийлари оиласидан чиққан, Холокост даврида тирик қолган Жоэль Хайфада тарбияланган, Қуддусдаги Иброний университетида тарих ва иқтисодиёт бўйича бакалавр даражасини олган, магистр ва докторликни Йель университетида ҳимоя қилган. 1974 йилдан буён Шимоли-ғарбий ҳамда Тель-Авив университети иқтисодиёт мактабида дарс беради.
Парижда дунёга келган, Сорбонна университетида магистр ва доктор даражасини олган, кейинчалик иқтисодиёт бўйича докторликни Гарвард университетида ҳимоя қилган Филипп ҳозир “Коллеж де Франс”, “INSEAD” бизнес таълим муассасалари, Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактабида фаолият юритади.
Торонтода туғилган Питер эса Макгилл университетида бакалавр, Ғарбий Онтариода магистр, Шимоли-ғарбий университетда докторлик даражасини олган. Айни пайт Браун университетида профессор.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти Дарон Ажим ўғли, Саймон Жонсон ва Жеймс Робинсонга “институтларнинг фаровонликка таъсири ҳақидаги тадқиқот учун” берилган. 2023 йил мазкур совринга америкалик Клаудия Голдин аёлларнинг меҳнат бозоридаги ўрни ва жинсий тенгсизлик масаласига оид тадқиқоти учун сазовор бўлган. 2022 йил эса мукофот Бен Бернанке, Дуглас Даймонд ва Филип Дибвигга “молиявий инқироз ва банк фаолиятини тадқиқ этгани учун” насиб қилган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА