Пойтахтимизда Республика Маънавият ва маърифат маркази ахборот хизмати раҳбари Баҳора Аҳмедова иштирокида брифинг ташкил этилди.
Эътироф этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган давр мобайнида Марказ томонидан қатор оммавий тадбирлар ва жамоавий акциялар ўтказилди. Жумладан, “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида республика бўйлаб “Умуммиллий бирдамлик фестивали” ташкил қилинди. Фестиваль АҚШ ва Корея Республикасидаги ватандошлар ва ўзбек диаспораси вакиллари иштирокида ҳам ўтказилди. Нью-Йорк штатида Ўзбекистон байроғи кўтарилди, Нью Жерси, Огайо, Миссури штатлари ва Корея Республикасининг бир қатор шаҳарларида форум ва маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Тамаддун, маданият ва маърифат” шиори остида “Маърифат карвони” лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида “Цивилизациялар-шахслар-кашфиётлар”, “Тирик тарих”, “Фаровон ҳаёт сари илк қадам”, “Олимлар ва ёшлар учрашуви”, “Ижтимоий ғоялар форуми”, “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” каби кўплаб илмий-маърифий форум ва тадбирлар ташкил этилди. “Тирик тарих” лойиҳаси доирасида 23 турдаги миллий кинофильмлар тақдимоти ўтказилди.
Юртимиздаги оромгоҳлар, маҳаллалар, мактаблар, марказий истироҳат боғлари, ташкилот ҳамда ҳарбий қисм ва ҳарбий таълим муассасаларида “Кинокарвон” лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳада 1,5 миллион нафардан зиёд аҳоли, ёшлар, давлат хизматчилари ва ҳарбийлар иштирок этди. Тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида “Менинг маҳаллам” бадиий фильми тасвирга олинди. Унинг тақдимоти республиканинг барча ҳудудларида бир вақтнинг ўзида томошабинларга тақдим этилди.
Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган 23 нафар аскар ва зобитлар ҳақида тайёрланган “Миллат фидойилари”, “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори”, 8 тилда “Буюклар ҳақида 100 та далил” китобчаси, “Долзарб 90 кун – 90 имконият” номли услубий қўлланма, “Она юрт фидойилари” рукнида жадид боболаримизнинг китоблари нашр этилди. Ижтимоий-фалсафий, маънавий-маърифий мазмундаги “Маънавий ҳаёт” ва “Тафаккур” журналларининг 3 тадан сони чоп этилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Китоблараро 80 кун” марафони ўтказилди.
Рақамли тарғибот йўналишида Янги мафкуравий мўлжалларга асосланган рақамли тарғибот ишларини амалга ошириш мақсадида 4 та медиа-кампания йўлга қўйилди. Тизимдаги рақамли тарғиботга масъул ходимлар учун “Миллий контентни ишлаб чиқиш ва оммалаштириш салоҳиятини ошириш” мавзусида семинар-тренинг ҳамда рақамли тарғибот бўйича “Медиа саводхонлик ва контент яратиш” мавзусида махсус ўқув курси ташкил этилди.
Рақамли тарғиботнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида бир қатор ижтимоий роликлар, қисқа метражли анимацион фильмлар тайёрланди. “Ўзбекистон менда яшайди” номли миллий контентлар онлайн танлови ўтказилди. Таниқли шоирлар, бастакорлар, қўшиқчилар ва ижодкорларни жалб қилган ҳолда ватанпарварлик, янги миллий руҳият, умуммиллий бирдамлик ва ўзаро ҳурматни тараннум этувчи ёшларбоп “Ватан” номли плейлист яратилди ва 170 дан зиёд мусиқий платформаларда эълон қилинди. Давлат хизматчилари ва кенг жамоатчилик учун “Сиёсий-маърифат соати” нинг 36 та сони тайёрланди ва тақдим этилди. “Шахс-жамият-давлат-минтақа” кесимида янги мафкуравий мўлжалларни жорий этишга оид бир неча лойиҳа офислари ташкил этилди. Улар томонидан 2025 йил учун 17 та мақсадли лойиҳа йўлга қўйилди.
“Маърифат орқали камбағалликни қисқартириш” дастури доирасида оғир ижтимоий тоифадаги маҳаллаларга обрў-эътиборли, нуроний олимлар, ёзувчи-шоирлар, театр ва санъат арбоблари, ҳожилар “маънавий кўмакчи” сифатида бириктирилди.
Маълумки, Ислом цивилизацияси марказининг “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” павильонини ғоявий жиҳатдан бойитиш вазифаси Марказ зиммасига юклатилган. Ушбу павильон 8 та бўлимдан иборат бўлиб, ҳар бир бўлимни мазмунан бойитиш мақсадида 18 та илмий-инновацион лойиҳа йўлга қўйилган. Уларни амалга оширишга 50 нафардан зиёд олим ва тегишли соҳа мутахассислари жалб қилинди.
Н.Усмонова, ЎзА