Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий адабиётимизнинг барҳаёт чинори

Ўзбекистон ёш томошабинлар театрида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ойбек ҳаёти ва ижодига бағишланган “Барҳаёт чинор” номли спектаклнинг махсус намойиши бўлиб ўтди.

Атоқли адибнинг мураккаб ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу спектакль томошабинни Ойбекнинг гоҳ “Болалик” асарининг беғубор саҳифалари сари етакласа, гоҳи Зарифа Саидносированинг “Ойбегим менинг: Хотиралар” асарининг изтиробли саҳифаларидан сўзлайди. Айни дамда спектакль жараёнида устоз ижодкор Наим Каримовнинг “Ойбек ва Зарифа” номли рисоласи ҳам томошабин кўз ўнгида гавдаланиши табиий. 

Саҳна асари Ойбекнинг матонатли, сабр ва қаноатли ижодкор эканини ёрқин ва таъсирчан лавҳалар орқали кўрсатиши билан бирга аҳамиятли. Шу билан бирга, ҳатто адибнинг ўзига хиёнат қилган, бошига минг балоларни солган кимсаларни ҳам бағрикенглик билан кечириб юборгани, Ойбек домланинг нечоғли дарёдил, саховатли инсон бўлганини томошабинга ҳаётий лавҳалар ёрдамида кўрсатиб беради. Айни пайтда спектакль давомида адибнинг ҳар бир романи қандай ғоявий, мафкуравий қийинчиликлар, синовлар эвазига келганига томошабиннинг ўзи гувоҳ бўлади. 

– Бу спектакль миллий адабиётимиз қандай барҳаёт чинорларга таянишини томошабинларга кўрсатиши билан аҳамиятлидир, – деди спектакль адабий эмакдоши Достон Раҳматуллаев. – Негаки, билим, эзгу мақсадлар, маърифат сари интилишда устоз Ойбек ёш авлод учун чин маънода ибрат мактабидир. 

Томошабин баъзан кўз ёшлари, баъзан қарсаклар билан кутиб олган ушбу спектакль Ойбекнинг тараққийпарвар, маърифатпарвар ижодкор сифатидаги қирраларини очиб бергани билан аҳамиятлидир. 

Спектакль режиссёр Шуҳрат Ибрагимов томонидан саҳналаштирилган. Либослар ўйича рассом – Евгения Бисерова, бастакор – Баҳодир Зокиров. Хореограф – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Искандарова. 

Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек сиймосини Барот Ҳасанов, Мусулмон Юнусов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Баҳодир Нишонов гавдалантирган. Зарифа ролини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Фарида Умарова, Дилнавоз Аҳмедова ижро этган. Спектаклда шунингдек, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Абдумаъруф Қодиров, Ҳакима Отахонова, актёрлар Наргиза Раимова, Раҳматилла Қурбонов, Шерзод Бозоров ва бошқа ижрочилар иштирок этган. 

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири