Инсониятга хавф солиб турган уюшган трансмиллий жиноятчиликнинг энг хавфли турларидан бири – гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ҳисобланади. Гиёҳвандлик воситаларининг, айниқса, синтетик наркотикларнинг ноқонуний муомаласида прекурсорлар алоҳида ўрин тутади.
Прекурсорларнинг ноқонуний муомаласига қарши қандай курашиш керак?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази катта инспектори Сарвар Ўрмонов шу саволга жавоб берди:

– Прекурсор гиёҳвандлик воситаларининг синтези учун бошланғич таркибий қисм сифатида ишлатилиши мумкин бўлган кимёвий модда ҳисобланади. Шу сабабли, прекурсорлар айланмасини назорат қилиш гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний ишлаб чиқарилишига қарши курашишнинг асосий йўналишларидан бири.
Кўпгина давлатлар томонидан прекурсорлар муомаласи алоҳида назоратга олинган. Мамлакатимиз қонунчилигида ҳам прекурсорлар муомаласини тартибга солишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонуни 3 -моддасида прекурсорлар деганда, прекурсорлар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ва психотроп моддаларни тайёрлаш учун фойдаланиладиган моддалар тушунилиши кўрсатиб ўтилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги 330-сон қарори билан мамлакатимизда муомаласи чекланган прекурсорлар рўйхати тасдиқланган. Унга 29 номдаги прекурсорлар киритилган.
Бироқ, бугунги кунда мамлакатимизда прекурсорлар муомаласи билан боғлиқ айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Биринчидан, прекурсорлар муомаласини тўлиқ назорат қилиш тартиби ва механизми мавжуд эмас. Иккинчидан, синтетик наркотикларни ишлаб чиқаришда фойдаланилиши мумкин бўлган айрим кимёвий моддалар (2-бром-4-хлоропропиофенон, 2-бром-4-метоксипропиофенон, 2-бром-4-метилпропиофенон, алфа-бромвалерофенон ва бошқалар) муомаласи чекланган прекурсорлар рўйхатига киритилмаган.
Шу билан бирга, миллий қонунчилигимизда прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарлик белгиланмаган. Бу эса, прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган тақдирда, мазкур қилмишни содир этган шахсларнинг жавобгарликка тортилмай қолишига ва ўз ҳаракатларини давом эттиришига сабаб бўлади.
Бу борада хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228-3-моддасида (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар прекурсорларининг ноқонуний муомаласи); Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 297-моддасида (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш); Беларусь Республикаси Жиноят кодексининг 328-1-моддасида (гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг прекурсорларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш) каби ҳолатлар бўйича жавобгарлик белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, прекурсорлар муомаласини тўлиқ назорат қилиш тартиби ва механизмини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш зарурати мавжуд.
Қонунга хилоф равишда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда фойдаланилаётган кимёвий моддаларни мамлакатимизда муомаласи чекланган прекурсорлар рўйхатига киритиш, миллий қонунчилигимизда прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарлик (маъмурий ва жиноий) белгилаш мақсадга мувофиқ.
Норгул Абдураимова,
ЎзА