Ҳеч муболағасиз айтиш мумкин, 2025 йилда Ўзбекистон – Aмерика муносабатлари тарихида янги саҳифа очилди, икки мамлакат стратегик шерикликнинг сифат босқичига қадам қўймоқда. Олий даражадаги ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик ришталари иқтисодий ўсишга замин яратмоқда.
Иқтисодий, сиёсий-ижтимоий алоқаларнинг ривожланиш траекториясига давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалга оширган сермаҳсул ташрифи, океанорти давлатининг йирик сармоядорлари билан ўтказган манфаатли мулоқотлар ижобий таъсир кўрсатгани шубҳасиз.

2025 йил 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг музокаралари бўлиб ўтди. Икки давлат етакчилари Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар нафақат инвестиция савдо йўналишида, балки таълим, илмий тадқиқот, диний-маърифий йўналишларда ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Бунга 4-10 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг АҚШга ташрифи мисолида ҳам амин бўлиш мумкин.

Юта штати Прово шаҳрида 100 дан зиёд мамлакатдан диний-маърифий, ижтимоий-ҳуқуқий соҳа вакиллари иштирок этган «Халқаро ҳуқуқ ва дин» мавзусидаги 32-халқаро симпозиумда М.Комилов «Ривожланиш йўлини қуриш: диний эркинликни минтақавий, миллий ва халқаро ҳимоя қилиш (Ўзбекистон тажрибаси асосида)» мавзусида маъруза қилди. Маърузада Янги Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби умуминсоний тамойилларга юксак даражада эътибор берилаётгани таъкидланди.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқига ҳам алоҳида тўхталди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу нутқида минтақавий ва глобал даражадаги масалаларга алоҳида аҳамият қаратилгани, замонавий дунёдаги таҳдидлар, хавфсизликка доир масалалар, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси, Марказий Осиё минтақасидаги барқарор тараққиётни таъминлаш масалаларига муносабат билдирилганини алоҳида эътироф этди.
Ташрифнинг сермаҳсул кечганини кўрсатувчи яна бир маълумотга эътибор қаратсак, Ўзбекистон делегацияси аъзолари Юта штати Сенати Раиси билан учрашув ўтказди. Конструктив ва дўстона кечган мулоқотда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлашга таянган стратегик ҳамкорлик алоқалари йилдан йилга ривож топиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трампнинг БМТ Бош қароргоҳида ўтказган учрашуви икки мамлакат ҳамкорлик муносабатларида бурилиш нуқтаси бўлгани эътироф этилди.
М.Комилов АҚШ расмийларига Ўзбекистонда диний-маърифий, ижтимоий-ҳуқуқий соҳалардаги ислоҳотларга тўхталиб, уларнинг амалий натижалари Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик ва иқтисодий ўсиш суръатларида намоён бўлаётганини билдирди. Юта штати Сенати раиси Стюарт Адамс Ўзбекистонни халқаро ҳамжамиятда ўз сўзи ва ўрнига эга мамлакат сифатида юксак эътироф этди.
Ташриф асносида делегация аъзолари Юта штатининг Ижтимоий ҳимоя марказида бўлиб, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш тизими, турли хизматлар, касбий ўқув марказлари фаолияти билан яқиндан танишди. Эътиборлиси, бу ерда кўрсатиладиган барча хизматлар маҳаллий черков томонидан аҳоли учун хайрия тарзида ташкил этилади.
Шундан сўнг делегация аъзолари Солт-Лейк-Ситидаги Инсонпарварлик ижтимоий марказида ҳам бўлди. Марказ 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, дунё бўйлаб юбориладиган хайрия ёрдамларини тайёрлаш учун хизмат қилади. Шу билан бирга, Марказ ишга жойлашишда муаммога учраган аҳоли учун касб-ҳунар ўргатиш вазифасини ҳам бажаради.
Марказ раҳбарияти билан мулоқотда Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини барпо этиш, кучли ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Ушбу йўналишда АҚШнинг тегишли муассасалари билан ҳамкорлик икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши қайд этилди.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар янги стратегик босқичга кўтарилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат туфайли икки давлат ўртасида сиёсий ишонч, иқтисодий ҳамкорлик ҳамда маданий-маърифий алоқалар изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон делегациясининг АҚШдаги халқаро тадбирлардаги иштироки мамлакатимизнинг диний бағрикенглик, инсон қадри ва ижтимоий адолат тамойилларига таянган ислоҳотларини жаҳон ҳамжамиятига намоён этди.
ЎзА