Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан пойтахтнинг Чилонзор ва Учтепа туманларида тунги вақтларда ташкил этилаётган хизмат фаолияти, шунингдек, кўнгилочар ва савдо объектларида хавфсизликни таъминлашга қаратилган ишлар ўрганилди.
Хусусан, Чилонзор тумани Ботирма маҳалласида ташкил этилган 24/7 хизмат кўрсатиш, туристик ва гастрономик кўчасида “Food and Music Fest” фестивалининг ўтказилиши жараёнлари, шунингдек, мажмуада аҳолига хизмат кўрсатиш шароитлари билан танишилди.
Мазкур масканда хизматни ташкил этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.

Туманнинг 2-Чарх Камолон маҳалласида жойлашган 22-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун яратилган қулайликлар, куз-қиш мавсумида энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда авариявий ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш ва бартараф этиш чоралари қандай ташкил этилгани кўздан кечирилди.
Тадбир жараёнида Чилонзор тумани Чилонзор маҳалласида жойлашган Ўзбекистон Аралаш жанг санъати ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаси фаолияти билан яқиндан танишилди.

Масъуллар ва мураббийлар билан ўтказилган суҳбатида мазкур жанг санъатини ўсмирлар, ҳаваскорлар ва профессионаллар ўртасида ривожлантириш, малакали мураббийлар тайёрлаш ва спортчиларни касбга йўналтириш, уларнинг соғлиғини назорат қилиш, шунингдек, мураббийлар ва ҳакамлар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилиниб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Кичик ҳалқа йўли кўчаси бўйлаб фаолият юритувчи савдо шохобчалари қаторида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат тартибини таъминлашга жалб этилган шахсий таркибнинг жанговар ва тезкор шайлиги назорат тариқасида текширилди. Қўриқлаш хизматларининг фаолиятини самарали ташкиллаштириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.

Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолиятини ўрганиш жараёнида ўқувчилар учун қулай ва замонавий таълим муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик, бино хоналари иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлангани ҳамда хавфсизлик чоралари самарали ташкил этилганига эътибор қаратилди.
Учтепа туманидаги ўрганишлар жараёнида 2-сонли ИИБ фаолияти билан танишилди. Давлатимиз раҳбарининг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Учтепа тумани криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллалардан холи ҳудудга айлантирилгани эътироф этилди.
"Zara" номли кўнгилочар клуб фаолияти ва хавфсизлик чоралари билан танишилди. Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда ҳолатда шайликни ошириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Учтепа тумани бўйича яратилган ижобий тажрибани пойтахтнинг бошқа туманларига татбиқ этиш вазифаси қўйилди.
“Ўрикзор савдо комплекси” масъулияти чекланган жамияти савдо мажмуасида аҳолига хизмат кўрсатиш шароитлари, жумладан, хизматни ташкил этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Бундай тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА