Куни кеча Бельгиянинг Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган “Global Gateway” форуми доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика вазирлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда мамлакатлар ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, айниқса, минтақавий аҳамиятга эга “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика вазирликлари ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Европа инвестиция банки (ЕИБ) ўртасида англашув меморандумлари имзоланди.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳаси доирасида 5,4 миллиард метр куб сув сиғимига эга омбор қурилиб, 1860 мегаватт қувватли гидроэлектр станция ишга туширилади. Бу орқали йилига тахминан 5,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Лойиҳа барқарор энергия манбаи яратиш билан бирга, минтақада иқтисодий ўсиш ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, “Global Gateway” форуми доирасида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ташаббуси билан “Марказий Осиёда шериклик мулоқоти” бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон энергетика вазирликлари вакиллари иштирок этди.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ташаббуси билан халқаро молия институтлари ва минтақавий энергетика вазирликлари иштирокида “Марказий Осиёда гидроэнергетика салоҳиятини ошириш” мавзусида сессия ташкил этилди.

Унда “Роғун” ва “Қамбарота” каби йирик гидроэнергетика лойиҳаларининг аҳамияти, уларни амалга оширишда халқаро молия институтларининг иштироки, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳоли бандлигини ошириш ва барқарор қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш йўналишлари бўйича фикр алмашилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА