Россиянинг Чувашия Республикасидаги Новочебоксарск шаҳрида белбоғли кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган жаҳон кубоги ҳамда Осиё чемпионати беллашувларида мамлакатимиз спортчилари муносиб натижаларга эришди.
Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров бошчилигидаги спорт делегациямиз жаҳон кубоги беллашувлари сарҳисобига кўра, 6 та олтин, 3 та кумуш, 27 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.
15 давлатнинг 300 нафарга яқин маҳоратли белбоғли курашчилари иштирокида кечган Осиё чемпионатида терма жамоамиз аъзолари 8 та олтин, 8 та кумуш ва 6 та бронза медалларини жамғарган ҳолда умумжамоада биринчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақаларнинг ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этилишида, беллашувларни адолатли кечишини таъминлашда ўзбекистонлик тажрибали белбоғли кураш ҳакамлари Мироншоҳ Рўзиев, Сергей Тхак, Неъматулло Тўйчиев, Абдуқаҳҳор Эгамов ҳамда Элмурод Абдуллаев самарали фаолият юритди.
Шиддатли ўтган курашларда мамлакатимиз спортчиларидан Озодбек Салимов, Асадбек Эргашалиев, Сарвар Икромов, Жанарис Шинбатиров, Мамаражаб Раҳматов, Фаррух Нарзуллаев, Мансур Абдуллаев, Молдир Алимбоева, Шаҳло Калмуратова, Мухлисахон Рустамова, Дурдона Мамуржонова ўз вазн тоифалари ва йўналишларда олтин медалларга сазовор бўлди. Уларнинг шарафига Ўзбекистон байроғи юксалиб, мадҳиямиз баралла янгради.
Т.Рўзиев, ЎзА