Мусиқа инсониятнинг ўзи каби қадимий ҳамроҳи бўлса-да, уни қоғозга тушириш, яъни овозни ёзув орқали абадийлаштириш масаласи маданиятлар тарихидаги энг мураккаб вазифалардан бири бўлиб келган.
Кенг тарқалган қарашга кўра, гўёки Шарқ халқларида, жумладан Марказий Осиёда ҳам, замонавий маънодаги нота ёзуви мавжуд бўлмаган ва мураккаб мусиқий асарлар фақатгина устоздан-шогирдга оғзаки равишда ўтиб келган. Бироқ, тарих саҳифаларини чуқурроқ ўрганиш бу қарашни бутунлай ўзгартириб юборадиган, ҳатто ўз даври учун муҳим ҳисобланган кашфиётлар мавжудлигини кўрсатади. Гап XIII асрдаёқ яратилган ва ўша давр Европасидан анча илгарилаб кетган мукаммал нота тизими ҳақида бормоқда.
Шарқда мусиқа назариясининг пойдевори IX– XIII асрларда яшаб ўтган буюк мутафаккирлар томонидан қўйилган. Киндий, Абу Наср Форобий ва Абу Али ибн Сино каби қомусий олимларнинг асарларида овоз, интерваллар, пардалар ва ритм ҳақидаги таълимотлар чуқур таҳлил қилинган. Айниқса, Форобийнинг “Мусиқа ҳақида катта китоб” асари бу соҳада туб бурилиш ясади. Унинг мусиқа назариясини тушунтириш учун ишлаб чиққан жадваллари, гарчи тўлиқ нота ёзуви бўлмаса-да, овозларни тизимли қайд этишга бўлган илк жиддий уринишлар эди. Бу илмий заминсиз XIII асрдаги кашфиётнинг дунёга келиши мумкин эмас эди.
Буюк янгилик мусиқа назариётчиси ва бастакори Сафиуддин Абдулмўмин Урмавий (вафоти 1294 йилда) номи билан боғлиқ. У ўзидан аввалги олимларнинг назарий ютуқларини амалиёт билан боғлаб, мусиқани ёзиб олишнинг иккита ўзаро боғлиқ тизимини яратди. Унинг биринчи тизими ҳарфий нота ёзувининг ўзига хос кўриниши эди. Бунда мусиқий товушларнинг баланд-пастлиги уд созининг пардаларига мос келувчи араб алифбоси ҳарфлари билан, товушларнинг такрорланиш сони эса уларнинг остига қўйилган рақамлар билан ифодаланган. Бу усул муайян бир ритмик ўлчов (“сақили аввал”) доирасидаги куйни ёзиб олишга имкон берарди. Бу аллақачон катта қадам эди, лекин Урмавий бу билан чекланиб қолмади.
Урмавийнинг иккинчи ва энг мукаммал кашфиёти – бу “нота-жадвал” (табулатура) тизимидир. Мусиқашунос олим, санъатшунослик фанлари доктори Исҳоқ Ражабовнинг ёзишича, бу тизим Ғарбда XV асрда пайдо бўлган шу турдаги ёзувлардан нафақат икки аср олдин яратилгани, балки ўз мукаммаллиги билан ҳам улардан устун турган. Урмавий жадвали беш қатордан иборат бўлиб, ҳар бир қатор мусиқий асарнинг турли жиҳатларини қайд этиш учун мўлжалланган эди. Биринчи қаторда ҳарфлар орқали товушларнинг баландлиги (ноталар) кўрсатилган. Иккинчи қатордаги нуқталар эса товушларнинг чўзими, яъни ритмни ифодалаган. Бу икки қаторнинг ўзиёқ куйни тўлиқ қайта тиклаш учун етарли эди.
Аммо Урмавийнинг даҳоси шундаки, у куйнинг фақат оҳанги ва ритмини эмас, балки унинг ижросига оид барча нозикликларни ҳам қайд этишга интилган. Жадвалнинг учинчи қаторида куйнинг тоналлигидаги ўзгаришлар (модуляция), тўртинчи қаторида эса ижро услубига оид динамик белгилар (масалан, “баланд”, “паст”, “жарангдор”) кўрсатиб ўтилган. Ниҳоят, бешинчи қаторда асарнинг шеърий матни бўғинларга ажратилган ҳолда жойлаштирилган. Бу тизим, аслида, бир парча куйнинг баландлиги, ритми, тонал ўзгаришлари, динамикаси ва матнини бир вақтнинг ўзида ифодалай оладиган мукаммал партитура (кўп овозли мусиқа асарида ҳамма қисмларнинг мамуи) эди. Урмавийнинг бу жадвали шунчаки назарий машқ бўлмай, балки мураккаб мусиқий асар бўлган “Мухайяри Ҳусайний” мақомининг бир қисмини ёзиб олиш учун амалда қўлланилган.
Сафиуддин Урмавийнинг бу кашфиёти Шарқ мусиқашунослиги тарихидаги якка ҳодиса бўлиб қолмади. Унинг анъаналари кейинги даврларда ҳам, гарчи узилишлар билан бўлса-да, давом этганини кўриш мумкин. Масалан, XIX асрнинг иккинчи ярмида машҳур мусиқачи ва шоир Комил Хоразмий томонидан яратилган Хоразм нота ёзувида ҳам Урмавий тизимига хос баъзи унсурлар, хусусан, товушлар чўзимини нуқталар орқали ифодалаш усули учрайди. Бу эса минтақада мусиқани ёзиб олиш бўйича чуқур илдизларга эга анъана мавжуд бўлганидан далолат беради.
Шундай қилиб, тарихий манбалар XIII асрдаёқ нафақат мусиқани ёзиб олиш, балки унинг барча ижро компонентларини қамраб олувчи мураккаб ва мукаммал тизим яратилганини исботлайди. Сафиуддин Урмавийнинг нота-жадвали Шарқ илм-фани ва санъатининг юксак чўққиси, ўрта асрлар мусиқа назариясининг амалий ифодасидир. Бу кашфиёт бизга мақом сингари мураккаб мусиқий мерос қандай илмий асосларга таянганини англаш имконини беради ва маданий тарих ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитади.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА