Саудия Арабистони Подшоҳлиги ахборот агентлиги – SPA ёзишича, "Ар-Риёд-2025 халқаро китоб кўргазмаси"нинг “Хаттотлик санъати: анъана ва замонавийлик уйғунлиги” мавзусидаги бўлимида ўзбек хаттотлик санъати муваффақиятли намойиш қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Ҳабибулла Солиҳ тажрибаси ва малакаси алоҳида эътироф этилди.
Йиғилганларга, жумладан, Ислом цивилизацияси марказида сақланаётган Усмон Мусҳафининг қадимий нусхаси ҳақида маълумот берган хаттотимиз Ўзбекистон ва ислом оламидаги умумий тажриба ҳамда миллий хаттотлигимизни намуна сифатида кўрата олди.
Ҳабибулла Солиҳ ўзбек хаттотлигининг ўзига хос бадиий ҳодиса сифатдаги бой тарихи, анъаналари ҳақида сўз юритди. Мазкур соҳа юртимизда алоҳида йўналиш касб этган ҳолда, таъбир жоиз бўлса, бебаҳо санъат, дея таърифланиб, фан даражасига кўтарилганига эътибор қаратди. Хусусан, мамлакатимизнинг араб хаттотлиги бўйича кўргазма ва маҳорат дарслари ташкил этиш, ислом санъати билан боғлиқ хорижий таълим ва таҳлил муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари имзолаш, шаҳарларимизда турли анжуманлар ўтказиш орқали ислом санъатини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлади.
М.Пирматова, ЎзА