Сирдарё вилоятида 398 та хусусий ва оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилган кенг қамровли санитария текширувлари натижасида қатор қоидабузарликлар аниқланди.
Текширувлар вилоят ҳокимлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вилоят бошқармаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида амалга оширилди. Унинг асосий мақсади – хусусий боғчаларда болалар саломатлиги ва хавфсизлигига дахлдор санитария-гигиена талабларига қай даражада амал қилинаётганини ўрганишдан иборат бўлди.
Текширувлар давомида кўплаб муассасаларда болаларга яратилган шарт-шароитлар санитария талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Хусусан, 60 та боғчанинг ошхонаси таъмирталаб ҳолда экани, сув таъминотида узилишлар борлиги, қўл ювиш ускуналари етарли даражада жиҳозланмагани маълум бўлди. Шунингдек, айрим муассасаларда ходимлар ва болалар белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтмагани, ётоқ чойшабларининг эскиргани, айрим хоналар ва эшиклар таъмирталаблиги ҳам қайд этилди.
Аниқланган камчиликлар асосида бир қатор боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу чора, масъулларни камчиликларни бартараф этишга мажбур қилиш ҳамда болалар учун соғлом ва хавфсиз муҳит яратишни таъминлаш мақсадида кўрилди.
– Текширув натижаларига кўра, санитария норма ва меъёрларини бузган 329 нафар масъул шахсга нисбатан суд органлари томонидан умумий 333 миллион 480 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ҳасанов. – Шу билан бирга, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, шаҳар ва туман бўлимлари мутахассислари томонидан илгари ҳам хусусий боғча раҳбарлари учун санитария-гигиена талаблари бўйича ўқув-семинарлар ўтказилган эди. Шунга қарамай, айрим ташкилотларда ҳали ҳам талабларни бузиш ҳолатлари сақланиб қолгани таъкидланди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, болалар соғломлиги — жамият соғломлиги демакдир. Шу боис, санитария қоидалари ва гигиена талабларига риоя этиш барча таълим муассасалари учун, уларнинг мулк шаклидан қатъи назар, мажбурий ҳисобланади.
Ҳозирда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, назорат ишлари вилоят миқёсида давом эттирилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири