-
Санъат тарихида айрим номлар бор — улар фақат бир даврни эмас, балки бутун саҳнанинг руҳини, миллий маданиятнинг қалб зарбасини ифодалайди. Шундай сиймолардан бири — Ўзбекистон халқ артисти, актёр, режиссёр, дубляж устаси, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳамза Умаровдир. Унинг саҳнадаги овози, нигоҳи, образга киришдаги ёндашуви ўз даврининг санъат мактабини яратган, бугунги авлод учун эса ўчмас илҳом манбаига айланган.
Кеча М. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрида санъат фидойисининг 100 йиллик юбилейи муносабати билан хотира кечаси бўлиб ўтди. Тадбирга машҳур театр ва кино ижодкорлари, сўз усталари, ОАВ вакиллари, санъатшунослар, блогерлар ҳамда Ҳамза Умаров санъатини қалбан ҳис этадиган юзлаб мухлислар ташриф буюрдилар.
Саҳна пардаси очилиши билан ёш ижодкорларнинг саҳнага, санъатга бўлган эҳтироми акс этган хор ижроси жаранг сочди. Бу мусиқий оҳанг кечага ўзига хос руҳ бағишлаб, устознинг санъатдаги изини давом эттираётган авлодни рамзий тарзда ифодалади.
Шундан сўнг саҳнада сўз олган санъаткорлар — Ҳамза Умаров билан биргаликда ижод қилган ўртоқлари ва шогирдлари ўз хотираларини самимият билан сўзлаб бердилар. Уларнинг ҳикоялари орқали актёрнинг сиймоси нафақат саҳнада, балки ҳаётдаги қатъият, интизом ва инсонийлик тимсоли сифатида ҳам қайта жонланди.
Шогирдлар устозларидан олган сабоқларни эслар экан, уларнинг ҳар бирида “Умаров мактаби”нинг излари сезилади. Таассуротларимизга кўра, устоз саҳнада нафақат ролни, балки ҳаёт ҳақиқатини ифода этишни ўргатган.
Мисол учун, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист — Александр Бекжонов ўз хотиралари билан бўлишиб, шундай дейди:
“Мен ёшлигимда Ҳамза Умаровдан қандай илҳом олганман, дейишга ҳам журъатим етмайди. Чунки у пайтларда санъатдаги йўлимни энди топаётган эдим. Аммо устознинг чиқишларини кўриб, бир нарсани англаганман — у бошқалар такрорлай олмайдиган овоз ва ифода эгаси эди. Ҳар бир сўзни юракдан айтар, уни томошабиннинг қалбига сингдирарди. Шунинг учун ҳам ёшлигимдан “мана шундай санъаткор бўлиш керак” деган орзу юрагимда уйғонган”.
Шунингдек, “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист — Турғун Бекназаров ҳам устоз ҳақидаги хотираларини кўзида ёш, юрагида эҳтиром билан эслади:
“Бир куни саҳнага озгина кеч чиқдим. Устоз қаҳр билан қаради. Қошлари мана шундоқ кўтарилган. Саҳнада бир дақиқа — умрга тенг эканини ўшанда ҳис қилдим. У киши менга “санъатни ҳурмат қилмаган одамни саҳна кечирмайди” деган. Орадан йигирма кун ўтиб, у киши ҳаммани ичида “Мен бир болани хафа қилган эдим”, деб мендан узр сўрадилар. Оёқларига йиқилиб, кечирим сўраганман. Устознинг шогирдидан узр сўраши — бу буюкликнинг, ҳақиқий санъат одобининг тимсоли десаммикан, юрагим тўлиб кетган. Ҳеч қачон бундай хатони қайта қилма, санъатни хор қилсанг, санъат сени шундай қайтиб урадики, қайтиб ўнгланмайсан, деган”.
Ушбу сўзлардан эса Умаровнинг ҳаётдаги ва саҳнадаги қатъий тартиби, интизоми, фидойилиги унинг шогирдларига энг катта сабоқ бўлганини ҳис қилиш мумкин.
Хотира кечаси давомида маҳоратли санъаткорлар томонидан ижро этилган мумтоз куйлар, ариялар ва дуэтлар томошабинлар қалбини ларзага солди.
Театр саҳнасидаги катта экранда эса актёрнинг кино, театр ва дубляж санъатидаги ўчмас изларини кўрсатган лавҳалар намойиш этилди.
Умаровнинг “Хонума хоним” спектаклидаги машҳур роли эса бугунги ёш актёрлар ижросида қайта жонлантирилди ва мухлисларнинг қарсакларига сазовор бўлди.
Шунингдек, дубляж санъатининг давомчиси — Нурбек Маматов устознинг овоз оҳангини, руҳини, драматик ифодасини тақлид санъати орқали қайта жонлантириб, томошабинларга унутилмас лаҳзаларни туҳфа этди.
Бир сўз билан айтганда, Ҳамза Умаровнинг ҳар бир образи — бу фақат актёрлик, балки инсон қалбининг театр саҳнасидаги таҳлилидир. У ўз даврида “Умаров ифодаси” деган тушунчани яратишга муваффақ бўлган: аниқроғи, ҳар бир сўзни ҳис билан талаффуз қилиш, образни юрак орқали ўтказиш, саҳна билан нафас олиш, саҳнада ўйнаш эмас, яшаш ва ҳ.к. каби техникаларга эга бўлган.
Умаров “Армуғон” спектаклидаги Жаъфар, “Нурхон”даги Ҳузурхўжа, “Фарҳод ва Ширин”даги Шопур, “Мавлоно Муқимий”даги Асқарали, “Хонума хоним” даги Панташвили образлари орқали ўзбек театрининг олтин саҳифаларига ўз номини ёздирган.
Кино санъатида эса у “Фавқулодда комиссар”, “Ўтган кунлар”, “Шижоат”, “Ёз ёмғири” каби ўнлаб фильмларда ўз образларини маҳорат билан яратган. У 1000 дан ортиқ фильмга овоз берган дубляж устаси сифатида ҳам танилган.
Умаров саҳнада нафақат актёр, балки драматург сифатида ҳам ижод қилган — “Бағри тош”, “Ҳаёт йўли”, “Ёр юрган кўчалар” сингари асарлар унинг бадиий дунёқарашининг ёрқин намунаси ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, Ҳамза Умаровнинг ҳаёти ва ижоди ўзбек театр санъатининг энг ёрқин даврини ифодалайди. У саҳнани, санъатни, инсон қалбини ҳурмат қилишни ўргатган устоз бўлган. Бугун унинг овози, нигоҳи, интизоми — шогирдларида, театрнинг деворларидаги эсдалик суратларида, ҳар бир жонли сўзда яшаб турибди.
Санъат эса ўзи аслида абадийдир. Чунки у инсон руҳидан яралади.
Ҳамза Умаровга келсак, ўша руҳнинг тимсоли бўлиб, ўзбек маданий меросининг олтин саҳифаларида абадий муҳрланиб қолди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/j0W90OdKr9I" title="Ustoz ruhi bilan yoritilgan sahna: Hamza Umarov tavalludining 100 yilligi nishonlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, Д.Якубов (видео), ЎзА