1956 йилда ЮНЕСКОнинг Халқаро болалар ва ўсмирлар адабий кенгаши томонидан дунё болалар ёзувчилари учун Ханс Кристиан Андерсен номидаги халқаро мукофот таъсис этилган.
Ҳар икки йилда бериладиган бу мукофот адабиёт оламида “Кичик Нобель” деб ҳам аталади. Мазкур мукофотга “Энг яхши болалар ёзувчиси” ва “Энг яхши болалар рассоми” йўналишлари бўйича асарлар қабул қилинади. Тақдим этилган ишларни ўндан ортиқ давлатлар мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати кўриб чиқади.
2026 йилги Ханс Кристиан Андерсен мукофоти учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, болалар ёзувчиси Муҳаббат Йўлдошеванинг “The Secret of Mouse” (“Сичқоннинг сири”) номли китоби тавсия этилган эди. Куни кеча ўзбек адибасининг асари бир неча босқичлардан муваффақиятли ўтиб, энг сўнгги финал босқичига чиққани хабар қилинди.
Ўзбекистонлик ёзувчи, таржимон, иллюстратор-рассом, журналист ва сценарист Муҳаббат Йўлдошеванинг турли жанрдаги 50 дан ортиқ муаллифлик ва 30га яқин таржима китоблари нашр этилган.
Муҳаббат опа “Шуҳрат” медали (2023), Халқаро “Александр Пушкин” медали (2023), “Рус олтин қалами” халқаро мукофотининг бадиий таржима йўналишидаги соврини (2023) соҳибаси.
Н.Усмонова,
ЎзА