Қарши шаҳрида “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари таҳририяти вакиллари иштирокида “Ishonch” кунлари” тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилояти кенгашида ташкил этилган ижодий учрашувда нашрлар фаолияти, улар орқали мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ислоҳотлар, жамиятдаги ўзгаришлар ва турли долзарб мавзуларни ёритиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Тадбирда сўзга чиққанлар “Ishonch” газетаси халқнинг ишончли ахборот манбаига айлангани, унда чоп этилаётган таҳлилий ва ҳаётий мақолалар ўқувчилар дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
– Бугунги учрашувда “Ishonch” газетасини янада қизиқарли нашрга айлантириш бўйича ўз таклифларимни билдирдим. Улар маъқулланиб, таҳририят томонидан менга газетага бир йиллик обуна совға қилинди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Севара Исмоилова. – “Ishonch”нинг ҳар бир сонини қизиқиш билан мутолаа қиламиз. Ундаги мақолалар долзарб ва тарбиявий аҳамиятга эга.
Учрашувда таҳририят вакиллари бўлим муҳаррири Зебо Намозова ҳамда масъул ходим Шоира Йўлдошева жамоа олдида турган вазифалар, нашрни янада такомиллаштириш йўналишлари ҳақида маълумот берди.
[gallery-25700]
Косон туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Шоймурод Эргашев “Ishonch” газетасини тезкор, ишончли ва таҳлилий ёндашуви билан бошқа нашрлардан ажралиб турадиган етакчи оммавий ахборот воситаси сифатида баҳолади.
Шунингдек, Агросаноат мажмуи касаба уюшмаси Касби тумани кенгаши раиси Ботир Исломов газета саҳифаларида вилоят кенгашлари фаолияти ҳақидаги мақолалар сонини кўпайтириш ҳамда муаллифлар доирасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Тадбирда иштирок этган муштарийлар нашрда ишчи-ходимлар ҳаёти, оддий инсонлар тақдири ва орзу-умидларини ёритувчи мақолалар, шунингдек, маънавий-маърифий йўналишдаги материаллар сонини кўпайтириш бўйича таклифлар билдирди.
Тадбир якунларида фаол қатнашчиларга “Ishonch” газетаси таҳририяти томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари