Марказий банк тижорат банкларига қонун талабларига амал қилиш ва мижозларни кредитни қайтариш жадвалидаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш зарурлигини эслатди.
Регулятор маълум қилишича, айрим банклар шартномаларга “кредит жадвали ўзгарса, янгиланган нусха қарздор сўровига кўра берилади” деган бандни киритмоқда. Марказий банк бу ҳолатни қонунга зид деб ҳисоблади.
Маълумот учун, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 66-моддасига кўра, банклар хизмат шартлари ва қиймати ҳақидаги ахборотни мижоздан яширишга ҳақли эмас.
«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун истеъмолчига тўғри, тушунарли ва ўз вақтида маълумот берилишини талаб қилади.
Банк хизматлари тўғрисидаги низомга кўра, шартнома имзоланган кунда банк мижозга унинг асл нусхасини тақдим этиши шарт.
Кредитни қайтариш жадвали — бу шартноманинг ажралмас қисми бўлиб, унда кредит қолдиғи, асосий қарз ва фоиз бўйича тўлов миқдорлари ҳамда амалга оширилиш санаси кўрсатилади.
Марказий банк изоҳида истеъмолчига янгиланган жадвални тақдим этмаслик ортиқча фоизлар ҳисобланишига, жарималарга ва кредит тарихи ёмонлашишига олиб келиши мумкинлиги қайд этилган.
Шу муносабат билан шартномаларга мижоз ҳуқуқларини чекловчи бандлар киритиш амалиётини тўхтатиш, аввал тузилган шартномалардан бундай бандларни бекор қилиш керак.
Кредит жадвалидаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида қарздорни хабардор этиш ва янгиланган жадвални тақдим этиш лозим.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси банкларнинг кредит карталари бўйича комиссия ва фоиз амалиётларига оид шикоятлар бўйича Марказий банкка мурожаат қилган эди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА