Мамлакатимизда энергетика тизимини диверсификация қилиш ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида атом энергетикасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакатнинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда углерод чиқиндиларини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида имзоланган қатор ҳужжатлар Жиззах вилояти ҳудудида биринчи атом электр станциясини қуриш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 25-26 сентябрь кунлари Москва шаҳридаги Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси мажмуасида бўлиб ўтган Жаҳон атом ҳафталигида иштирок этган Ўзбекистон делегацияси вакиллари мамлакатимизда атом электр станцияси қуриш лойиҳаси стратегик аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ушбу нуфузли тадбирда иштирок этган мустақил эксперт, политолог Бахтиёр Эргашев билан суҳбатимиз ҳам айнан шу мавзуга бағишланди.
– Бахтиёр ака, Жаҳон атом ҳафталигида 120 га яқин мамлакат вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. Тадбир дастурларининг ранг-баранглиги ва муҳокама қилинган мавзуларнинг долзарблиги диққатга сазовор. Ҳафталик иштирокчиси сифатида сизда қандай таассуротлар қолдирди?
– Биласизми, сўнгги 50-60 йил ичида атом электр станциялари асосан, глобал ғарб мамлакатларида, жумладан, Франция, АҚШ ва Буюк Британия каби давлатларда қурилган. Аммо бу галги тадбир шуни кўрсатдики, эндиликда глобал жануб ҳам атом энергетикаси соҳасига фаол кириб келмоқда ва лойиҳаларни режалаштириб, амалиётга татбиқ этмоқда. Масалан, Туркия, Миср, Бангладеш ва Ҳиндистон шулар жумласидандир.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳам ана шу мамлакатлар сафидан муносиб ўрин эгаллашга интилмоқда. Ҳафталик давомида яна камида 10 та давлат ўзининг атом электр станциясига эга бўлишга қизиқиш билдирганини билдим.
Мен учун бу ҳафталикнинг энг катта натижаси глобал жанубнинг атом энергетикасини ривожлантириш йўлида қатъий қадам қўяётганидир. Тадбирда айрим давлатлар ядровий тиббиётни ривожлантираётганини намойиш қилган бўлса, бошқалари кичик қувватли АЭСлар лойиҳаларини амалга ошириш ҳақида сўзлаб берди. Яна айрим иштирокчилар эса йирик АЭСларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини таъкидлади.
Умуман олганда, ҳафталик катта мулоқот майдонига айланди. Унда 118 давлат вакиллари тажриба алмашди, фикр юритди ва ўз янгиликларини намойиш этди.
– Ҳафталик доирасида замоанавий кўргазма ҳам ташкил этилди. Эътиборлиси, унда Ўзбекистоннинг ўзига хос миллий стенди намойиш этилди. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Ядро соҳасида катта тажрибага эга давлатлар қаторида Ўзбекистон экспозициясининг намойиш этилгани мен учун фахр-ифтихор бўлди.
Ўзбекистонда ядро соҳаси нолдан бошланаётгани йўқ. Бизда кўп йиллардан буён Ядро физикаси институти фаолият юритиб келмоқда. У ерда ўзининг тажриба реактори мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда ҳам фаол ишлаб турибди.
Демоқчиманки, бу соҳада муайян тажриба ва илмий салоҳиятга эгамиз. Бугун эса соҳани ривожлантиришнинг кейинги босқичига чиқиш арафасида турибмиз. Намойиш этилган миллий стендимизда айнан шу жараёнлар, яъни мамлакатимизда ядро соҳасининг босқичма-босқич ривожланиб бораётгани ёрқин ифода топган.
Мазкур йўналиш бўйича зарур тажриба тўпланган, етук кадрлар шаклланган ва ҳозирги мақсад эса бу салоҳиятни янада ривожлантиришдир.
– Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бироқ ҳамюртларимиз мазкур лойиҳага нисбатан турлича фикр билдирмоқда. Сизнингча, мамлакатимизда илк АЭСни барпо этиш ҳаётий заруратми?
– 2019 йилда “Энергетика соҳасини ривожлантириш концепцияси”ни тайёрлаш жараёнида экспертлар кўплаб муҳим жиҳатларга эътибор қаратган. Ушбу ҳужжатда иссиқлик электр станциялари, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда атом электр станцияси қуриш масалалари қамраб олинган.
Асосий мақсад эса мамлакат энергетика тизимини диверсификация қилишдан иборат. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш муҳим, аммо улар қуёш ва шамолга боғлиқ бўлиб, маълум мавсумий чекловларга эга. Атом электр станцияларида эса энергия ишлаб чиқариш барқарор тарзда амалга оширилади. Агар биз фақат қуёш ва шамол станцияларига суянсак, келгуси йилларда катта қийинчиликларга дуч келишимиз мумкин. Шу сабабли, АЭС қуриш зарурати туғилмоқда, чунки у базавий энергия манбаи ҳисобланади.
Очиғини айтганда, ҳозирги энергия танқислиги аҳоли турмуш даражаси ва бизнес фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, АЭС бу муаммоларни бартараф этишда муҳим ечим бўлади.
Ҳафталикнинг пленар сессиясида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев энг муҳим жиҳатни таъкидлаб ўтди: мамлакатимизда албатта, атом электр станцияси қурилади ва бу инновацион лойиҳа бўлади.
Лойиҳа доирасида иккита кам қувватли ҳамда иккита катта қувватли реактор қурилиши режалаштирилган. Унинг инновацион жиҳати шундаки, дунёда ҳали бу каби комплекс лойиҳа амалга оширилмаган.
Қувонарлиси, Ўзбекистон бу йўналишда илк қадамни қўйди ва замонавий атом энергетикасини жорий этиш сари қатъий интилаётган давлатлар қаторига қўшилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XXcTzrkEXWQ" title="O‘zbekistonda ilk AESni qurish hayotiy zaruratmi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>– АЭС қурилиши юртимиз учун катта янгилик ҳисобланади. Аммо айрим фуқароларнинг таъкидлашича, мамлакатда сув танқислиги мавжуд. Станция фаолияти учун эса кўп миқдорда сув талаб этилади. Бундай шароитда сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келмайдими?
– АЭС реакторлари турлича бўлади. Масалан, Калинин АЭСини олсак, у ерда сув етарли, яъни сув билан боғлиқ муаммо йўқ. Лекин биздаги ҳолат бошқачароқ. Шу боис, бу масалага мутахассислар катта эътибор қаратмоқда.
Бу муаммога фақат Ўзбекистон эмас, балки бошқа давлатлар ҳам дуч келган. Ечим эса замонавий технологиялар билан боғлиқ. Масалан, шундай қурилмалар борки, улар сув сарфини 2-3 баравар камайтиради. Бундай технологиялар Венгрияда мавжуд бўлиб, уларни кичик ёки катта реакторларга мослаштириш мумкин. Шу каби ишланмалар Хитойда ҳам яратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда жаҳон тажрибаси етарли ва бу масала кўп бор ўрганилган. Албатта, сув тежамкорлигига эришишимиз лозим, лекин бу муаммо ҳал этилади. Муҳими, биз муаммони биламиз, унинг ечимини излаяпмиз ва топамиз.
Яна бир жиҳатга тўхталсам, АЭС қурилиши учун танланган ҳудудда сув мавжуд. Мутахассисларнинг таъкидлашича, у миқдор лойиҳа эҳтиёжлари учун етарли ҳисобланади.
Насиба Зиёдуллаева, Муқимжон Қодиров,
Анвархўжа Аҳмедов (видео, монтаж), ЎзА