Муносабат
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи халқаро ҳамжамият эътиборини тортаётган муҳим сиёсий воқелик сифатида эътироф этилмоқда.
Мазкур нутқда давлатимиз раҳбари халқаро майдондаги долзарб муаммоларга чуқур стратегик баҳо бериб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ ва амалий таклифларни илгари сурди. Бу таклифлар жаҳон ҳамжамиятида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда глобал инқирозларга қарши самарали ечимлар ишлаб чиқишга қаратилган бўлиб, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсий концепциясининг узвий давоми сифатида намоён бўлди, дейиш мумкин.
Маърузада мамлакатимизда ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни фаол давом эттириш муҳим масалалардан бири сифатида айтиб ўтилди. Шавкат Мирзиёев яқин ойларда кенг минтақамиз учун ноёб бўлган Ислом цивилизацияси маркази очилишини алоҳида таъкидлади. Бу марказда буюк аждодларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий мероси ўрин олади. Шунингдек, қадимий қўлёзмалар, диний-илмий асарлар, Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини дунё аҳлига намоён этадиган экспонатлар жамланади. Марказга ташриф буюрган ҳар бир инсон ислом дини аслида тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини чуқур англай олади.
Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида илм, маданият ва инсонпарварликнинг манбаи сифатида жаҳонга танилган. Ўз навбатида, дунё мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар Ўзбекистоннинг тинчликни мустаҳкамлаш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва инсонпарвар қадриятларни тарғиб этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қадрламоқда. Бу ғоялар тинчлик, дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотни кучайтиришга хизмат қилади.
Биз миллатлар ўртасида ишончли ва дўстона муҳит яратиш, низоларни суҳбат ва ҳамкорлик орқали ҳал этиш тарафдоримиз. Президентимиз ташаббуслари глобал муаммолар – иқлим ўзгариши, экология, миграция, минтақавий масалалар, Марказий Осиёда сув, хавфсизлик, савдо алоқалари учун оқилона ечим топишга ёрдам беради.
Давлатимиз раҳбарининг БМТ сессиясида илгари сурган таклифлари, муаммоларни ечиш бўйича стратегик фикрлари нафақат мамлакат ички ислоҳотларига кучли туртки беради, балки минтақавий ва халқаро миқёсда ҳам мамлакатимизнинг нуфузини оширишга хизмат қилади.
И.СИДДИҚОВ,
Фарғона давлат университети
профессори, фалсафа ва миллий ғоя кафедраси мудири.
А.САЛМОНОВ,
ФДУ фалсафа ва миллий ғоя кафедраси ўқитувчиси.
ЎзА