Фарғона вилоятида ўтказилган “Ўзбекистон – Беларусь профессионал ва олий таълим форуми” икки мамлакат ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим майдон бўлди. Икки кун давом этган форум доирасида тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар ва учрашувлар ташкил этилди.
Форумнинг иккинчи кунида “Ўзбекистон ва Беларусьнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлиги”, “Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик” ҳамда “Профессионал кадрлар тайёрлаш тизимида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш” каби йўналишларда ишчи сессиялар бўлиб ўтди. Уларда икки мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари ректорлари, илмий тадқиқот институтлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Сессиялар доирасида таълим ва илм-фан соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилиниб, академик алмашинувлар, қўшма илмий лойиҳалар ва таҳсил жараёнида инновацион ёндашувларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, таълим соҳасидаги экспорт имкониятлари, мунтазам семинар ва тажриба алмашувларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.

Форум доирасида иштирокчилар Фарғона вилоятининг Риштон туманига ташриф буюриб, машҳур кулолчилик устахоналари ва миллий ҳунармандчилик марказлари фаолияти билан танишди. Меҳмонлар табиий глазурь технологияси ва миллий нақшлар юксак санъат намунаси эканини эътироф этди. Беларуслик мутахассислар томонидан ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилиш, қўшма кўргазмалар ва маданий алмашинув лойиҳаларини ташкил этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Риштон кулолчилигини халқаро бренд сифатида тарғиб этиш ғояси форум иштирокчилари томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
Форум доирасида Фарғона вилояти рус драма театрида Беларусь делегацияси аъзолари Александр Сергеевич Пушкиннинг “Қишлоқи ойимқиз” асари асосида саҳналаштирилган спектаклни томоша қилди. Томоша давомида актёрларнинг маҳоратли ижроси, саҳна безаклари ва мусиқий оҳанглар уйғунлиги иштирокчиларда катта эстетик таассурот қолдирди.

Меҳмонлар томонидан Ўзбекистоннинг бой маданий ҳаёти ва ижодий салоҳияти юқори баҳоланди.
Тадбир якунида икки томонлама ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва амалий механизмларни шакллантиришга қаратилган таклифлар илгари сурилди. Иштирокчилар таълим соҳасидаги алоқаларни стратегик йўналиш сифатида ривожлантириш, уни барқарор ва самарали йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Форумнинг юқори савияда ташкил этилгани, мазмунли мулоқот ва дўстона муҳитда ўтгани меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди. Беларусь делегацияси Фарғона давлат университети жамоасига кўрсатилган меҳмондўстлик ва самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этди.
Ушбу форум икки қардош мамлакат ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутади ва келгусидаги ҳамкорлик алоқалари учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА