Шу кунларда дунёнинг турли нуқталарида 2026 йилги ФИФА Жаҳон чемпионатига саралаш босқичлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Африка қитъасида ўтаётган мазкур саралашда Миср терма жамоаси мундиал йўлланмасини қўлга киритди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, мисрликлар Африка қитъасининг саралаш босқичи 9-турида Жибутини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу ғалаба жамоага АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган “ЖЧ-2026”да иштирок этиш ҳуқуқини тақдим этди.

Шу тариқа, Миср ўз тарихида тўртинчи марта энг нуфузли мусобақада иштирок этадиган бўлди.
Ҳозирда мундиалда қатнашадиган терма жамоалар сони 19 тага етди. Жумладан, Ўзбекистон, Япония, Янги Зеландия, Эрон, Аргентина, Жанубий Корея, Иордания, Австралия, Эквадор, Бразилия, Уругвай, Колумбия, Парагвай, Марокаш, Тунис ва Миср терма жамоалари турли саралаш босқичлари орқали Жаҳон чемпионатига чиққан бўлса, АҚШ, Канада ва Мексика мезбон сифатида дунё биринчилигида иштирок этади.

Дарвоқе, айни дамда Осиё қитъасида “ЖЧ-2026” саралашининг 4-босқичи учрашувлари ўтказилмоқда. Унда 3-саралаш босқичида учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган Индонезия, Ироқ, Ўмон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоалари марказлаштирилган форматда учта жамоадан иборат иккита гуруҳга бўлинган ҳолда рақобатлашмоқда.
Жаҳон чемпионати саралаши 4-босқич учрашувларининг "A" гуруҳидан – Қатар, БАА ва Ўмон, "B" гуруҳидан эса Саудия Арабистони, Ироқ ҳамда Индонезия терма жамоалари жой олган. Мазкур саралашнинг "А" гуруҳи баҳсларига Қатар, "B" гуруҳи учрашувларига эса Саудия Арабистони мезбонлик қилмоқда.

Куни кеча ушбу гуруҳларда илк учрашувлар ўтказилди. "A" гуруҳида Ўмон ва Қатар терма жамоалари тўқнашувида ҳисоб очилмади. "B" гуруҳида эса Саудия Арабистони сафарда Индонезия билан куч синашиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Маълумот ўрнида: гуруҳ ғолиблари 2026 йилги ФИФА Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади. Гуруҳнинг иккинчи ўрнидан жой олган термалар 13 ва 18 ноябрь кунлари ФИФА плей-оффига чиқиш учун икки ўйинли беллашувда иштирок этади. Ғолиб ФИФА плей-офф турнирига йўл олади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА