2025 йил поёнига етишига уч ярим ойга яқин вақт қолганда айрим спорт турлари бўйича йилнинг энг яхшилари эълон қилина бошланди.
Жумладан, Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) йил якунлари бўйича энг яхшиларни маълум қилди.
Улар орасида Ўзбекистон спорт ҳаракатининг аъзолари борлиги эътиборли.

Халқаро қиличбозлик федерацияси жаҳон ва қитъа чемпионатлари, нуфузли турнирларнинг юқори савияда ўтиши йўлида ҳакамлик борасида улкан ютуқларга эришиб келаётган ҳамюртимиз Дилором Турдиқуловани шпага йўналишида айни пайтдаги энг яхши 3 ҳакамдан бири сифатида эътироф этди.
Қиличбозликнинг сабля йўналишида ёшлар ўртасидаги жаҳон рейтинги етакчиси, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Гулистон Пердибаева мазкур йўналишда энг яхши спортчи сифатида қайд этилгани мамлакатимизда профессионал спортчиларни, тажрибали спорт мутахассисларини тайёрлаш борасида самарали иш олиб борилаётганидан далолат, дейиш мумкин.
Т.Рўзиев,
ЎзА